Бухорода бўлиб ўтган халқаро давра суҳбатида қандай фикрлар ўртага ташланди?
Фото: Халқ сўзи
Бухоро шаҳрида Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан «Конституцион ислоҳот устуворликлари: Ўзбекистон – ижтимоий давлат» мавзусида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди.
Аҳолига давлатимизнинг жамият ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги ўзгарувчан ролини, унинг ижтимоий соҳани бошқаришдаги вазифалари ва масъулиятини атрофлича тушунтириш, шунингдек, ижтимоий давлатнинг ўзбек моделини, унинг шаклланиши ва кейинги ривожланиш хусусиятларини муҳокама қилиш мақсадида ташкил этилган тадбирда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, UNICEFнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси масъул ходимлари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, фуқаролик жамияти институтлари, ОАВ вакиллари, илмий ва таълим муассасалари экспертлари иштирок этди.
Давра суҳбати модератори, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори О.Ҳакимов тадбирда сўзга чиқиб, Ўзбекистон ижтимоий давлат ва адолатли жамият қуриш йўлидан дадил кетаётганини таъкидлади, «Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат» тамойилини конституциявий норма сифатида белгиланиши ҳақида маълумот берди.
Зеро,янгиланаётган Конституцияга кўра, «Ўзбекистон – бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат»дир. Бошқача айтганда, мамлакатимиз тарихида биринчи марта Ўзбекистон ижтимоий давлат эканлиги Конституция даражасида мустаҳкамланади.
Экспертларнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда ижтимоий давлат барпо этиш ва бу мақомни Конституцияда мустаҳкамлаш учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган. Муҳими, мамлакат иқтисодиёти ривожланмоқда. Бу эса ижтимоий вазифаларни ҳал этишга кўпроқ маблағ ажратишга имкон бермоқда. Агар 2018 йилда мамлакатнинг ижтимоий сиёсатга сарфланган харажатлари 35 трлн сўмни, 2019 йилда 61,3 трлн сўмни, 2020 йилда 74,2 трлн сўмни, 2021 йилда 85,3 трлн сўмни ташкил этган бўлса, 2022 йилда унинг миқдори 105,5 трлн сўмдан ошди. Бу эса кейинги беш йилда ижтимоий сиёсатни изчил кучайтириш имконини берди.
Маълум бўлишича, Бухоро вилоятида ҳам ижтимоий соҳани ривожлантириш бўйича катта марралар белгилаб олинган.
— Кейинги беш йилликда 1594 та мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш ҳисобига 3-6 ёшгача бўлган фарзандларимиз мактабгача таълим билан тўлиқ қамраб олинади, — деди давра суҳбатида сўз олган вилоят ҳокими Б. Зарипов. — 37 янги мактаб қурилади, 130 таси реконструкция қилинади,102 таси эса мукаммал таъмирланади. Ҳар бир туманда камида биттадан замонавий хусусий мактаб ташкил этиш учун шароитлар яратилади.
Соғлиқни сақлаш соҳасида 11та тиббиёт муассасаси янгидан қурилади, 89 таси реконструкция қилинади ва 12 таси мукаммал таъмирланади. 193 та хусусий клиника иш бошлаши эвазига бу тизимдаги койка ўринлари сони 2412 тадан 4315 тага етказилади. Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, бандлик каби йўналишларда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Дейлик, жорий йилнинг I чорак якунлари бўйича вилоятдаги 544 та маҳалланинг камида 120 тасини ишсизликдан ҳоли ҳудудга айлантириш мўлжалланган.
Конституциянинг янги таҳриридаги таклиф этилаётган нормаларнинг ярмидан кўпи инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш ва механизмларини мустаҳкамлашга қаратилган.
Муҳокама давомида иштирокчилар, эксперт олимлар, олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, талабалар, фуқаролик жамияти вакиллари, ОАВ вакиллари ўзаро мулоқотга киришдилар, кўпчиликни қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
Энг муҳим таклифлар қаторида ушбу конституциявий норманинг мустаҳкамланиши давлат ва жамият олдига ҳали бажарилиши керак бўлган жиддий вазифаларни қўяётганига эътибор қаратилди. Шундай қилиб, билимли ва соғлом авлод мамлакатни ва ислоҳотларни олға сурувчи асосий куч эканлигини ҳисобга олсак, ҳозирги кунда асосий эътибор сифатга қаратилиши керак, дея хулоса қилди экспертлар.
Иштирокчилар давра суҳбати якунида «Янги Ўзбекистон – ижтимоий давлат» тамойилининг бўлажак референдумда конституциявий норма сифатида мустаҳкамланиши мамлакатимиз учун энг муҳим сиёсий воқеа бўлишини таъкидладилар.
Истам ИБРОҲИМОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг