Бухорода “Бир нуроний – ўн ёшга масъул” кўрик-танловининг республика босқичи ўтказилди
Фото: “Халқ сўзи”
Ёшлар онгу шуурига миллий қадриятларимизга ҳурмат ҳиссини сингдиришда, ўғил-қизларимизнинг ақли расо, оқ билан қорани ажрата оладиган бўлиб вояга етишларида, уларни она-юртга садоқат руҳида тарбиялашда нуроний отахону онахонларнинг ўрни бениҳоя катта. Аслида “Бир болага етти маҳалла ҳам ота, ҳам она”, деган ҳикмат замирида ҳам айни шу жиҳатлар мужассам.
Шу нуқтаи назардан давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 11 мартдаги “Кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга доир қўшича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, “Бир нуроний – ўн ёшга масъул” кўрик-танловининг ўтказилаётгани айни муддао. Бухоро шаҳрида ушбу танловнинг республика босқичи бўлиб ўтди.
Тадбир очилишида сўз олган республика “Нуроний” жамғармаси раиси, Ўзбекистон Қаҳрамони, сенатор Содиқжон Турдиев ўзига хос маҳорат намойишига айланган ушбу танлов қуйи босқич ғолиблари учун тажриба алмашиш майдончасига айланганини таъкидлади.
Иштирокчилар кўрик-танловнинг якуний босқичида учта шарт бўйича беллашдилар. Хусусан, уларнинг ўзларига бириктирилган ёшлар билан ишлаш борасидаги тажрибаси тадбирда йиғилган ўнлаб кекса авлод вакиллари учун қизиқарли ва фойдали бўлди. Якунда мезбонлар вакили – Қоровулбозор туманидаги “Тинчлик” маҳалла фуқаролар йиғини фаоли Матлуба Орипова фахрли биринчи ўринга муносиб деб топилди. Тошкент шаҳри Олмазор тумани “Истиқбол” маҳалла фуқаролар йиғини нуронийлар кенгаши раиси Гулнора Толибова ҳамда Наманган вилояти Уйчи тумани Қумтепа маҳалласи фаол отахони Маъруфжон Йўлдошев иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллашди.
— Маҳалламиз жиноятдан холи ҳудудга айланган, бошқача айтганда, исми жисмига монанд, — дейди танлов ғолиби, Қоровулбозор туманидаги “Тинчлик” маҳалласи фаоли Матлуба Орипова. — Бу маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, профилактика инспектори, хотин-қизлар фаоли ва ёшлар етакчиси билан ҳамкорликда ишлаш самараси, албатта. Менга ўн нафар ёш биркитилган эди. Бугунги кунга келиб улар барчасининг муаммоси тўлиқ бартараф этилди. Энди яна бир гуруҳ ёшлар билан ишлаб, уларни қийнаб келаётган масалаларни маҳалла билан ҳамкорликда ҳал этиш ниятидаман.
Кўрик-танловнинг турли номинациялар бўйича ғолиблари номи ҳам аниқланиб, ташкилотчилар томонидан диплом, ташаккурнома ва қимматбаҳо совғалар берилди.
Бухорода шунингдек, “Маҳаллаларда ижтимоий- маънавий муҳитни соғломлаштириш, ёшлар тарбияси ва жамоатчилик назоратини амалга оширишда нуронийларнинг ўрни” мавзусида республика семинари ҳам ўтказилди.
Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг