Бухорода 200 нафардан зиёд хотин-қиз раҳбарлик лавозимларида фаолият кўрсатмоқда

22:17 06 Март 2023 Жамият
899 0

Фото: Халқ сўзи

Байрам баҳонасида дийдорлашиш, ортда назар ташлаб, қилинган ва қилинажак ишлар ҳақида мулоҳаза юритиш айни муддао. 8 Март – Халқаро хотин – қизлар куни муносабати билан Бухоро шаҳрида ўтказилган байрам тадбирида ҳам худди шундай йўл тутилди. Шинам «Саҳид Зарафшон» тантаналар залига тўпланган давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари ҳузурида сўз олган вилоят ҳокими Б. Зарипов бир қатор далилларга эътиборни қаратди.

Таъкидланишича, 2022 йилда Бухоро вилоятидаги 27 минг нафарга яқин хотин-қизга ижтимоий-иқтисодий, тиббий, ҳуқуқий ва психологик ёрдамлар кўрсатилган. 711 нафар аёлга уй – жой харид қилиш учун имтиёзли кредитлар ажратилди. Тўрт минг нафар аёлга енгил типдаги иссиқхоналар қуриши ва қўшимча даромад манбаига эга бўлиши учун 50 миллиард сўм миқдорида субсидия ажратилди. 77 минг нафардан зиёд аёлнинг бандлиги таъминланди. Хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш мақсадида 414 миллиард сўмга яқин кредит маблағлари ва субсидиялар берилди. Бу каби юмушлар юртимизда хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг жамиятимиз ҳаётидаги фаоллигини оширишга устувор вазифа сифатида қаралаётганини кўрсатади, албатта. Вилоят бўйича 200 нафардан зиёд хотин-қизнинг турли раҳбарлик лавозимларида ишлаётгани ҳам шундан далолат беради.

Тадбирда тўпланган дуогўй онахонлар, фаол қизларга миннатдорлик изҳор этилди. Ибратли ишлари билан эл назарига тушган 17 нафар опа-сингилларимизга «Мўътабар аёл» кўкрак нишони топширилди. Улар орасида марҳум шоир, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Тошпўлат Аҳмаднинг турмуш ўртоғи Ойша Мавлонова ҳам бор.

— Байрам баҳона – дийдор ғанимат, дейдилар. Бизга кўрсатилаётган бу эътибору, ғамхўрликдан бошимиз кўкка етди, — дейди асл касби педагог бўлган Ойша опа. — Аслида аёлнинг ўзини бахтли ҳис этиши учун бир оғиз ширин сўзнинг ўзи, кифоя. Биз бугунги байрам тадбиридан бир дунё куч – қувват, мотивация олдик. Ёш авлодни миллий урф-одатларимизга, қадриятларимизга садоқат руҳида тарбиялаш, маҳаллаларда маънавий – ахлоқий муҳитни янада соғломлаштириш йўлида ўз кучимизни, тажрибамизни аямаймиз.

Тантанали тадбирга санъат усталари томонидан тайёрланган концерт дастури ўзгача файз бағишлади.

Истам ИБРОҲИМОВ,  «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер