Бугун пилла – эртага тилла
Фото: Халқ сўзи
Наманган туманида қимматбаҳо саноат хомашёси - пилла ҳосилини териб олишга жадал киришилди. Бу ишни биринчилар қаторида бошлаган «Фазлиддин ўғли Шамсиддин» фермер хўжалиги пиллакорларининг ҳосил чўғидан кайфияти баланд. Масалан, Тепа Қиёт маҳалласида истиқомат қилаётган Матлуба Жалилова оиласи 21 грамм ипак қуртидан тушга қадар 157 килограмм қуруқ ва юқори сифатли саноат хом ашёси йиғиб олди. Сўриларда ҳали анча ҳосил бор – пировард натижа 200 килограммдан ортади. Унинг маҳалладоши Нодира Эргашева уйган хирмон эса 147 килограммни ташкил этди.
— Жорий мавсумда ипак қуртини хоразмча усулда парваришладик, — дейди фермер хўжалиги раҳбари Фазлиддин Ғойипов. — Унинг афзаллиги шундаки, қуртлар уч қават, яъни икки қават сўрилар ва ерга жойлаштириш ҳисобига сийраклатиб боқилади. Бунда пилла доналари йириклашиб, ҳосилдорлик салкам 50 фоизга ортади.
Пиллакорлар йилда узоғи билан бир ой давом этадиган, бироқ ўзига яраша машаққатли меҳнатлари қадрини топаётганидан хурсанд. Хусусан, қайта ишлаш корхонаси билан келишган ҳолда бир килограмм юқори сифатли ҳосил учун 30 минг сўмдан ҳақ тўланаётир. Бунга қўшимча қабул пунктига топширилган ҳар бир килограмм пилла учун тўланадиган 5 минг сўмдан субсидия билан даромад салмоғи янада ортади. Яна бир муҳим жиҳати, пиллакорнинг қисқа муддатли иши расмийлаштирилиб, пенсия ёши учун талаб этиладиган стажнинг узлуксизлиги таъминланади.
Бугун Наманганнинг бошқа ҳудудларида ҳам пилла терими қизғин давом этмоқда.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг