Бу маҳалладан бирорта фуқаро хорижга иш излаб кетмайди
Фото: “Халқ сўзи”
Олтинкўл туманидаги Ижтимоят маҳалласида 3130 нафар аҳоли истиқомат қилади. Эътиборли жиҳати шундаки, ҳудудда бирорта ҳам хорижда меҳнат қилувчи фуқаро мавжуд эмас. Боиси, туманда янги иш ўринларининг яратилиши туфайли аҳолининг доимий даромади таъминланмоқда.
— Бир пайтлар Россия Федерациясида аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш йўналишида фаолият юритганман,—дейди ушбу маҳаллада яшовчи Сарварбек Садриддинов. –Мамлакатимизда яратилган имкониятлар, янги иш ўринларининг яратилиши туфайли ҳозирда “Қадр текстиль” МЧЖда фаолият юритмоқдаман. Ойлик даромадим 3,5-4 миллион сўмни ташкил этмоқда.
Айтиш жоиз, бугунги кунга келиб туманда 2500 та тадбиркорлик субъекти мавжуд бўлиб, улар томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 468 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди.
— Ҳудудимизда аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, уларни ишга жойлантириш мақсадида 3 та саноат зоналари ташкил этилди,—дейди туман ҳокимининг ўринбосари Шоядбек Эргашев. –Бу ерда келгусида 179 миллиард сўмлик лойиҳа ишлари амалга оширилиши кўзда тутилган. Шулардан 59 таси ҳозирда ўз фаолиятини бошлаган. Бу эса 834 та янги иш ўринларининг яратилишига туртки бўлди.
Ҳозирда бу каби жараён давом этмоқда. Мисол учун, “Қадр текстиль” МЧЖ томонидан 15 миллион долларлик лойиҳа амалга оширилмоқда. Бу ерда матони бўяш, тўқиш ва ундан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Бунинг натижасида 1000 та янги иш ўрни очилади. Саноат зонасида мебелсозлик, тўқимачилик ва тикувчилик йўналишларида ҳам 500 кишининг иш билан таъминланиш кўзда тутилган.
Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг