«Болаларнинг аҳволи қониқарли». ММТВ Фарғонада боғча болалари заҳарланиши юзасидан муносабат билдирди
Аввалроқ Фарғона шаҳридаги давлат боғчаларида болалар оммавий заҳарлангани ҳақида хабар берган эдик. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги мазкур ҳолат юзасидан муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 21 февраль куни Фарғона вилояти Юқумли касалликлар шифохонасига Фарғона шаҳридаги 2-, 58- ва 61-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотларининг 62 нафар тарбияланувчисида юзага келган тана ҳароратининг кўтарилиши билан боғлиқ ҳолат бўйича мурожаат қилинган.
«Ҳозирда шифохонада бўлиб турган барча бемор болаларнинг аҳволи қониқарли ҳолатда бўлиб, уларнинг саломатлиги билан боғлиқ ўзгаришлар тиббиёт ходимлари томонидан чуқур таҳлил асосида ўрганилмоқда», дейилади вазирлик хабарида.
Қўшимча қилинишича, ММТВ ҳамда бошқа тегишли ташкилотлар томонидан мазкур ҳолат бўйича атрофлича ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Вазирлик, шунингдек, ўрганиш натижалари бўйича мунтазам маълумот бериб борилишини маълум қилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг