Болалар ўзлари хоҳлаган байрам совғаларини олдилар
Фото: Халқ сўзи
Фарғона шаҳридаги “Wine Garden” тантаналар мажмуасида вилоятдаги 15 та оилавий болалар уйи тарбияланувчилари ҳамда васийлик ва ҳомийликка олинган ўғил-қизлар учун Янги йил байрами тадбири бўлиб ўтди.
Байрам тадбирида шаҳар-туманлардан келган 100 нафардан зиёд нафар болалар, уларнинг тутинган ота-оналари, васийлари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тантанали тадбирда сўз олган Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров барчани кириб келаётган Янги йил байрами билан самимий муборакбод этиб, бу ўғил-қизлар келажакда она Ватанимиз ва халқимизга садоқат билан хизмат қиладиган инсонлар бўлиб камол топишларига ишонч билдирди.
— Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан етим, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг муаммоларини ҳал этиш, орзу-мақсадларини рўёбга чиқариш ҳамда жамият ҳаётига тўлақонли мослашишига кўмаклашиш мақсадида «Меҳр дафтари» жорий этилди, — дейди Миллий гвардиянинг Фарғона вилояти бўйича бошқарма бошлиғи Шавкат Акбаров. — Янги тизим асосида жорий йилнинг ўзида вилоятда 197 нафар болага 1 миллиард 432 миллион сўмдан зиёд маблағ сарфланди. Бугунги байрам тадбирида эса ҳар бир оилавий болалар уйи тарбияланувчиси, васийлик ва ҳомийликка олинган ўғил-қизга ўзларининг хоҳиш-истаги асосида Янги йил совғалари топширилди.
Театрлаштирилган байрам томошалари давомида даврага Қорбобо ва Қорқиз ташрифи, кичкинтойлар иштирокидаги шеърхонлик ҳамда истеъдодли санъаткорларнинг куй-қўшиқлари барчага хушкайфият улашди.
Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг