Болалар оромгоҳларида мавсум бошланди

21:19 06 Июнь 2022 Жамият
888 0

Фото: Халқ сўзи

Юртимизда уч фасл хислатларини бир вақтга жамлаган сўлим гўшалар бисёр. Бундай манзилларда болалар оромгоҳлари фаолияти йўлга қўйилиб, ёзнинг дастлабки кунларидаёқ бу тоғу даралар болажонларнинг шўх-шодон овозлари билан тўлиб кетади.

— Жорий мавсум «НКМК жамғармаси» тасарруфидаги 13 та стационар ва мактаблар қошида кундузги оромгоҳларда «Навоийуран» ДК ишчи-ходимларининг 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган мингдан зиёд фарзандлари дам олиши режалаштирилган, — дейди 6-бирлашган касаба уюшмаси қўмитаси раиси Даврбек Темиров. — Бу ҳар тўрт боладан бири деганидир. Улар 4 мавсумда 14 кундан дам олишади. Барча оромгоҳларда болаларнинг мазмунли ҳордиқ чиқариши учун зарур шарт-шароитлар яратилиб, 4 июндан дастлабки босқич бошланди.

Навоийлик кончиларнинг фарзандлари шаҳар ташқарисидаги оромгоҳлардан Каттақўрғондаги «Сўғдиёна» ва Навбаҳор туманидаги «Сармиш» оромгоҳларини хуш кўришади.

— «Сармиш» ёзги болаларни соғломлаштириш оромгоҳимиз тоғлар бағрида жойлашган бўлиб, баҳаво ва барча шароит муҳайё қилингани учун ҳам бу ерда дам олишни истаганларнинг сони йилдан-йилга ошиб бормоқда, — дейди «Зафаробод» кон бошқармаси 17-касаба уюшмаси раиси Ирина Назарова. — Ушбу оромгоҳ бу йил ҳам 4 босқичда 660 нафардан ўғил-қизни ўз бағрига олади.

— Менинг ўғлим бу йил 4-синфни тугатди, фарзандим ёзнинг қайноқ кунлари оромгоҳда тенгдошлари, ака-опалари билан маза қилиб, яйраб дам олиши учун «Сармиш» оромгоҳига жўнатдим, — дейди «Навоий уран» ДК «Зафаробод» кон бошқармаси ишчиси Нафиса Санақулова. — Оромгоҳ дарахтзор, соя-салқин экан. Таомларидан ҳам кўнглимиз тўлди.

— Мен бу оромгоҳга биринчи марта келишим, лекин ўтган йиллари бошқа оромгоҳларга борганман, — дейди Зафаробод шаҳарчасида яшовчи, 5- умумтаълим мактаби ўқувчиси Гўзал Нуралиева. — Оромгоҳнинг тарбиячилари жуда меҳрибон. Инглиз тили, рақс, расм ва спорт тўгараклари фаолияти йўлга қўйилган. Мен ҳар йили мунчоқдан буюмлар ясаш ва дизайнерлик тўгарагига қатнашаман.

Барча оромгоҳларда болалар мазмунли дам олишлари билан бирга турли маданий-маърифий тадбирлар, фан ва санъат арбоблари билан учрашувлар ташкил этиш, турли спорт мусобақалари ўтказиш режалаштирилган.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоиз, оромгоҳда ҳар бир босқичда Навоий шаҳридаги маҳаллаларда истиқомат қилаётган ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг 22 нафар фарзанди ҳам бепул дам олиши ташкил этилмоқда.

Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер