Болалар мусиқа ва санъат мактаблари, ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаблари ҳамда мактаб-интернатлари август кенгашининг республика ўқув-семинари ўтказилди

13:49 15 Август 2025 Жамият
206 0

Тошкентдаги Туркистон санъат саройида 15 август куни юртимиздаги болалар мусиқа ва санъат мактаблари, ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаблари ҳамда мактаб-интернатлари август кенгашининг Республика ўқув-семинари бўлиб ўтди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилиб, унда 800 нафарга яқин соҳа вакиллари, жумладан, Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Авазхон Таджиханов, вазирлик Маданият таълими маркази директори Алишер Джамалдинов, ҳудудий бўлинмалар вакиллари, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, мактаб директор ва ўқитувчилари иштирок этди.

Семинар давомида, таълим жараёнларини рақамлаштириш, сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш, илғор методик ишланмаларни яратиш ва халқаро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш бўйича аниқ таклифлар илгари сурилди. Шунингдек, республика семинари иштирокчилари шубаларга бўлиниб, соҳа юзасидан янгиликлар ва маълумотлардан бохабар этилди.

Шундан сўнг, 2024-2025-ўқув йилида юқори натижага эришган таълим муассасалари раҳбарларининг тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Маълумот учун, Маданият таълими маркази Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2023 йил 27 июлда имзоланган ПФ-114-сон Фармонга мувофиқ ташкил этилиб, 2024 йил 20 декабрдаги 862-сон қарор асосида ўз фаолиятини бошлаган. Марказнинг асосий вазифаси — маданият ва санъат йўналишидаги таълим муассасаларига методик хизмат кўрсатиш, ўқув-методик таъминотни такомиллаштириш ва илғор халқаро тажрибалар асосида таълим сифатини оширишдан иборат.

Таъкидлаш жоиз, ҳозирда вазирлик тизимида 325 та болалар мусиқа ва санъат мактаби, 29 та ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаби, мактаб-интернатлар, 9 та олий таълим муассасаси ва уларнинг филиаллари, шунингдек, 2 та қайта тайёрлаш ва малака ошириш маркази фаолият юритмоқда. Ушбу муассасаларда жами 108 минг нафардан ортиқ ўқувчи ва талаба таҳсил олмоқда, 18 мингдан зиёд педагог ва профессор-ўқитувчилар меҳнат қилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер