Болалар ҳуқуқ ва эркинликлари кафолати янада мустаҳкамланади

16:34 02 Октябр 2023 Жамият
286 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг йиғилишида депутатлар “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) тўғрисида»ги қонун лойиҳасини муҳокама қилдилар.

Бугунги кунда миллий қонунчилигимизда бола ҳуқуқлари билан боғлиқ қонун ҳужжатлари сони 40 дан, қонуности ҳужжатлари эса 500 дан ортиқ. Бу ўз навбатида, бола ҳуқуқлари соҳасидаги қонунчилик билан ихтисослашган ҳолда иш олиб бориш ҳамда унинг ижроси бўйича таъсирчан механизмларни яратиш заруриятини юзага келтирди.

Мазкур қонун лойиҳаси Президентимизнинг 2019 йил 22 апрелдаги “Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ҳамда 2021 йил 9 августдаги “Бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида чиқилган.

7 та боб ва 44 та моддадан иборат ушбу лойиҳага кўра, Болалар омбудсманини сайлаш тартиби жорий этилмоқда. Яъни, Қонунчилик палатаси ва Сенат томонидан депутат ва сенаторлар умумий сонининг кўпчилик овози билан 5 йил муддатга сайланади. Мазкур лавозимга 25 ёшга тўлган, камида 5 йил республика ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон фуқароси сайланиши мумкинлиги белгиланяпти ва номзод Олий Мажлис палаталарига Ўзбекистон Президенти томонидан киритилади.

Шунингдек, Болалар омбудсманининг асосий вазифалари ва омбудсман маърузаси Олий Мажлис палаталарининг мажлисларида ҳар йили эшитилиши назарда тутиляпти. Омбудсман фаолиятининг асосий жиҳатлари ва мурожаатларни кўриб чиқиш тартиб-таомиллари белгиланмоқда.

Мурожаат ва шикоятларни кўриб чиқиш тартиби, шартлари, шикоятларга қўйиладиган талаблар, ҳуқуқ ва мажбуриятлар, омбудсманининг давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлиги билан боғлиқ вазифалар назарда тутилмоқда. Шу билан бирга, Болалар омбудсманининг жамоатчилик асосида фаолият кўрсатадиган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги минтақавий вакиллари лавозимлари жорий этиляпти.

Муҳокамалар давомида депутатлар қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда хорижий тажриба ҳам эътиборга олинганми, деган саволлар билан қонун ташаббускорларига юзланди.

Уларнинг айтишича, қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда Норвегия, Дания, Швеция, Финляндия, Янги Зеландия, Канада, Австрия, Россия, Қозоғистон каби хорижий мамлакатлар тажрибаси ўрганилган.

Қизғин давом этган савол-жавоблардан сўнг, депутатлар қонун лойиҳасининг қабул қилиниши болаларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг муҳим кафили бўлишини таъкидлаб, уни биринчи ўқишда маъқулладилар.

Йиғилишда кун тартибига киритилган бошқа қонун лойиҳалари ҳам муҳокама қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер