Бизнес ривожи – тараққиёт кафолати
Пойтахтимизнинг “Янги Ўзбекистон” худудидаги “CAEx”кўргазмалар мажмуасида “Ўзбекистон- Тожикистон” бизнес хамкорлигига бағишланган тадбир ўтказилди. Унда ҳар икки давлатда фаолият олиб бораётган 200 дан ортиқ фирма ва компанияларнинг 500 турдан кўпроқ юқори сифатли экспортга чиқарилаётган маҳсулотлари намойиш этилди. Икки давлатнинг бизнесга кўмаклашувчи идоралари раҳбарлари ўзаро фикрлашди, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг дўст ва биродар Ўзбекистонга давлат ташрифи янада самарали бўлиши эътироф этилди ва бу ўз навбатида икки давлат ўртасидаги иқтисодий алоқаларни янги поғонага кўтаришга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди. Биз эса кўргазмада иштирок этаётган ва ўз маҳсулотларини намойиш этаётган тадбиркорларнинг сўзларига қулоқ тутдик.
– Президентимизнинг қардош Ўзбекистонга давлат ташрифи бўладиган кунларда “Сиз ҳам Тошкентга борасиз,” дейишди, рости, беҳад қувондим. Чунки шунинг ўзи биз учун эътироф, бизнесни кенгайтириш демакдир, — дейди 10 йилдирки, Душанбе шаҳрида олтин ва кумушдан юздан ортиқ турдаги заргарлик буюмларини ишлаб чиқараётган “Тажик кристалл” фирмасининг раҳбари Азизбек Маҳмудов. – Очиғи бундай имконият – Тошкентга келиш илгари тушимизга ҳам кирмаган. Ҳатто 9 йил аввал чегарадан оддий фуқаро сифатида ўтиш ҳам мушкул эди. Бугун вазият буткул ўзгарган. Насиб этса, Тошкентда корхонамнинг махсус дўконини очмоқчиман.

– Тожикистон биз учун катта бозор. Ўтган йил бу мамлакатга 10 млн. долларлик маҳсулот экспорт қилганмиз. Жорий йилдаги ният бу рақамни икки карра ошириш, –дейди “Пример электроникс” компаниясининг Тожикистон бўйича менеджери Саид Абдураҳмонов. – Заводимизда 5 хил турдаги юқори сифатли маҳсулотларни ишлаб чиқаряпмиз. Маиший асбоб-ускуналарни импорт қилиш ҳам бизнесимизнинг бир қисми. Лекин келгусида тўлиқ экспортни кўзлаяпмиз. Чунки очиғини айтсам, “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” деган тамға билан экспортни амалга ошириш ўз юртини жондан севган тадбиркор учун энг катта мукофот, бу юртни бой қилиш дегани.
Тожикистоннинг “Sandalye” мебел бренди, “Арча”, “LA^ AL textiles”, “CATN” номи билан тилга тушган компания ва фирмалар маҳсулотлари кўргазма иштирокчиларида қатта қизиқиш ўйғотган бўлса, Ўзбекистоннинг “Uzavto”тизимидаги ўнлаб корхоналари, Жиззах аккумулятор заводи, “Sapfir sanoat” фирмаси ва шунга ўхшаш фақат ички бозорни эмас, балки экспортни кўзлаётган тадбиркорлик субъектлари эгалари қўшни давлатлар билан дўстона муносабатларнинг юқори поғонага кўтарилаётганини мамнунлик билан қайд этишди.
–Меҳнату шижоатдан қачон роҳат топасиз, тинчлик ва осойишталик устувору қўшнилар билан аҳил бўлсангиз.Биз бугун қардошларимизга “Хуш омадед, меҳмони азиз”, дедик. Меҳмонларни қучоқ очиб кутиб олдик. Айни пайтда қўлни қўлга берган ҳолда янги лойиҳаларни режалаштиряпмиз. Бу борада бизни ҳар икки мамлакатда ҳам давлатнинг ўзи қўллайди. Бунга асло шубҳамиз йўқ, – дейди тошкентлик тадбиркор Саидмухтор Саиднуриддинов.
Абдунаби АЛИҚУЛОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг