"Биз Ғазода бегуноҳ одамларнинг ўлдирилишини қабул қилмаймиз" —  Эрдоған Исроил ва Ғазода тинч аҳолининг ўлдирилишига қарши чиқди

18:13 11 Октябр 2023 Дунё
467 0

Фото: ВВС

Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған Исроил ва Ғазода тинч аҳолининг ўлдирилишига қарши чиқди.

Сиёсатчи, шунингдек, Тел-Авивни ўзини ташкилот каби эмас, давлат каби тутишга чақирди.

“Исроил эсда тутиши керакки, агар у ўзини давлат каби эмас, балки ташкилот каби тутса, охир оқибат унга ташкилотдек муносабатда бўлинади”, деди Туркия раҳбари Ғазо секторидаги оммавий вайронагарчиликлар ҳақида хабарларга муносабат билдириб.

Унга кўра, Анқара Исроил ҳудудида тинч аҳолининг ўлдирилишига аниқ қарши.

“Худди шундай, биз Ғазода бегуноҳ одамларнинг ўлдирилишини қабул қилмаймиз”, — дейди Туркия раҳбари.

Олдинроқ, Ғазо секторида Исроил ҳарбий-ҳаво кучларининг зарбалари натижасида эскалация бошланганидан бери камида 22 639 та турар-жой биноси ва 10 та тиббиёт муассасаси вайрон бўлгани маълум бўлган эди. Отишма пайтида 48 та маҳаллий мактаб зарар кўрган. Ҳудудда электр таъминоти узилган ва интернет ишламаяпти.

Шу йилнинг 7 октябрь куни эрталаб ҲАМАС (Ғазо секторида ҳукмронлик қилувчи Фаластин исломий ҳаракати ва сиёсий партияси) Исроилга ҳужум қилди. Мамлакат бўйлаб 3000 га яқин ракета учирилди.

ҲАМАС Исроилга қарши “Ал-Ақса тўфони” деб номланган ҳарбий операция бошланганини эълон қилди. “Бу Ер юзидаги сўнгги ишғолга барҳам бериш учун энг катта жанг бўладиган кун”, деди ҲАМАСнинг ҳарбий раҳбари Муҳаммад Деиф.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу мамлакат уруш ҳолатида эканини маълум қилди.

“Биз ҳарбий операция ўтказмаяпмиз, уруш ҳолатидамиз. ҲАМАС Исроил давлати ва фуқароларига қарши кутилмаганда ажалвор ҳужум бошлади. Исроил сарҳадларини террорчилардан тозалашга, захирадагиларни сафарбар қилишга буйруқ бердим. Душман ҳамма қилгани учун насибасини олади”, деган Нетаняҳу.

Мамлакат мудофаа вазири Йоав Галант захирадаги аскарларни армияга жалб қилишни маъқуллади. Исроил ҲАМАСнинг ҳаракатларини уруш эълон қилиш, деб атади. “Бугун эрталаб ҲАМАС жиддий хатога йўл қўйиб, Исроил давлатига қарши уруш бошлади. Исроил давлати бу урушда ғалаба қозонади”, — дейди Йоав Галант.

Бунга жавобан 10 октябрь куни Исроил Ғазо секторидаги ҲАМАС жангарилари марраларига кенг кўламли зарбалар бера бошлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер