Биз бир бўлсак — ягона халқмиз, бирлашсак — Ватанмиз!
Фото: “Халқ сўзи”
Фарғонада ўтказилган “Маънавият марафони” ана шундай номланиб, вилоятнинг барча шаҳар-туманларида катта тантана сифатида нишонланди.

Давлатимиз раҳбарининг “Биз бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” деган эзгу ташаббуси асосида юртимиз бўйлаб илк бор ташкил этилган “Маънавият марафони” Фарғона вилоятида ҳам иштирокчиларда унутилмас таассуротлар қолдирди.
Марғилон шаҳридаги Ижодкорлар боғида ўтказилган тантанали очилиш маросимида ижодкорлар, санъат ва маданият ходимлари, зиёлилар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.

— Айни йўналишдаги ишлар кўламини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишда Президентимизнинг 2021 йил йил 26 март кунги “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим омил бўлмоқда, — дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази Фарғона вилояти бўлими раҳбари Маъсуджон Сулаймонов. — Бугунги тадбирларда Ватан, тинчлик ва дўстликни тараннум этувчи шеър-қўшиқларни ижро этилиши қалбимизда юртга садоқат туйғуларини жўштиради. Айниқса, миллий либослар намойиши, уч авлод учрашувлари, китоблар ярмаркаси, миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси ёш авлоднинг эртанги кун истиқболи билан боғлиқ орзуларига қанот бахш этади.
“Маънавият марафони” давомида шаҳар-туманлар бўйлаб “Аждодлар мардона руҳи бизга ёр!”, “Ўзбекистон – менинг Ватаним!”, “Фазилатли авлод”, “Оила – маънавият қўрғони”, “Қадрдон мактабимга китоб совға қиламан”, “Миллий мақом санъати”, “Алпомишлар ўтган бу диёр!”, “Ватаним байроғини баланд кўтараман”, “Миллий қадриятлар” каби ўндан зиёд лойиҳалар ташкил этилди.

Тадбирлар давомида Фарғона туманида Маънавият ва маърифат маскани фойдаланишга топширилди. Муҳташам масканда кутубхона, ижодкорлар хонаси ташкил этилган бўлса, мақом, рақс, ҳунармандчилик каби тўгараклар фаолияти йўлга қўйилади.

Фарғона шаҳрида жойлашган вилоят Театр-концерт саройида марафоннинг якуний тадбири ташкил этилиб, унда фаол қатнашган, ўз иқтидорини намойиш этган ёшлар вакиллари, зиёлилар муносиб тақдирланди. Бир гуруҳ маънавият-маърифат соҳаси фаолларига “Маънавият фидойиси” кўкрак нишони топширилди.
Таниқли санъаткорлар томонидан ижро этилган дилрабо куй-қўшиқлар даврага хуш кайфият бахш этди.
Ботир МАДИЁРОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг