Бирга яшаш саодати
Фото: Бош прокуратура ҳузуридаги Департaмент
Наманганда энг улуғ, энг азиз айём олдидан 60 йил ва ундан зиёд вақт бирга турмуш кечириб, оила аталмиш қўрғонни муқаддас санаган, соф туйғулари турмуш машаққатларида тобланган ва бугунги кунда бирга умргузаронлик қилаётган мўътабар отахон ва онахонлар учун «Бирга яшаш саодати» тадбирлари ташкил қилинди. Дастлабки шундай маросим Янгиқўрғон туманидаги Искавот қишлоғида жойлашган «Дийдор» тантаналар уйида ўн оила иштирокида нишонланди.

Давранинг табаррук меҳмонлари – узоқ йиллар бирга ҳаёт кечирган Ҳайдарали ота ва Маъсуда ая Хожиакбаровлар, Собиржон ота ва Омина ая Аҳмедовлар, Садриддин ота ва Мастура ая Қорабоевлар, Усмонжон ота ва Тожихон ая Қамбаровлар жуфтлиги нафақат Янгиқўрғон, балки вилоятдаги энг намунали оилалардан ҳисобланиши алоҳида таъкидланди.
Тантанали тадбирда «Нуроний» жамғармаси, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди вилоят бўлимлари вакиллари иштирок этди.
— Бирга яшаш саодатига эришган бу кексалар ҳаёти ёш оилаларга чинакам ибрат мактаби ҳисобланади, — деди тадбирда сўз олган Олий Мажлис Сенати аъзоси Икромхон Нажмиддинов. — Зеро, оила қуриб, унинг иссиқ-совуғига бардошли бўлиш билангина биргаликдаги турмушнинг мустаҳкамлиги таъминланади.
Кексалик гаштини сураётган ва узоқ вақт умргузаронлик қилиб келаётган нуронийларга Наманган вилоят ҳокимлигининг ташаккурномаси, эсдалик совғалари ва пул мукофотлари топширилди.
«Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз» ғоясини ўзида мужассамлаштирган бу сингари тадбирлар вилоятнинг бошқа шаҳар ва туманларида ҳам бўлиб ўтмоқда.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг