Бир оиланинг уч нафар фарзанди ҳужжатга эга бўлди
Пойтахтимизнинг Яшнобод тумани Ширинобод маҳалласида истиқомат қилувчи 27 ёшли Жамила Хўжаева шу пайтгача фуқаролик паспорти ёки ID-карта олмаган. Шу сабабли фарзандларига ҳам туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома олишнинг имкони бўлмаган.
«Ҳеч бир шахс ҳужжатсиз қолмайди» акцияси доирасида ушбу оиланинг 3 нафар фарзандининг туғилиши қайд этилиб, туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалари адлия вазири ўринбосари Х.Мелиев ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаси бошлиғи Н.Муҳаммадиевлар иштирокида топширилди.
Вазирлик маълумотларига кўра, мазкур ҳуқуқий акция доирасида дастлабки 10 кунликда биргина Тошкент шаҳри бўйича 150 нафар шахсларга тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб берилган.
Жумладан, 36 нафар шахснинг туғилиши қайд этилиб, туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалар, 17 нафар фуқаронинг яқин қариндошининг ўлими қайд этилиб, ўлим ҳақидаги гувоҳномалар, 50 нафар шахсга туғилганлик ва ўлим ҳақида такрорий гувоҳномалар берилди.
Шунингдек, 14 нафар фуқарога ID-карталар берилиб, яна 33 нафарига тегишли тадбиркорлик субъектлари давлат рўйхатидан ўтказилди.
Айтиш жоизки, бу борада республикамиз бўйлаб барча ҳудудларга Адлия вазирлигининг таркибий бўлинма раҳбарлари бириктирилиб, махсус штаблар фаолият кўрсатмоқда.
Мурожаатлар эса «1148» қисқа рақамли ишонч телефони ёки адлия бўлимларида ташкил этилган махсус штаблар орқали қабул қилиняпти.
Диёра САИДОВА,
ЎзДЖТУ Халқаро журналистика факультетининг 2-босқич талабаси.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг