Бир нафар сенатор “Путин конституцияси”га қарши овоз берди
Россия Федерал Кенгаши конституцияга ўзгартириш киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилди.
Парламентнинг 450 ўринли қуйи палатасида 383 нафар депутат Владимир Путиннинг президентлик муддатини тиклашни қўллаб-қувватлади. Ҳеч ким бунга қарши овоз бермади ва 43 нафар депутат бетараф қолди. Бундан бир неча соат ўтгач, парламентнинг 170 ўринли юқори палатасининг 160 нафар аъзоси бу ўзгартиришга “ҳа” деб жавоб берган бўлса, бир киши бунга қарши чиқди ҳамда 3 киши бетараф қолди.
Сенатор Людмила Нарусова ушбу ўзгартиришларнинг тасдиқланишига қарши чиқди: “Баъзи тузатишларни қўллаб-қувватлайдиган ва бошқаларга салбий муносабатда бўлган одамлар ўз нуқтаи назарларини билдириш ҳуқуқига эга бўлиши керак. Аммо мен ёлғизман”.
Президент 15 январь куни Федерал Мажлисга йўллаган мурожаатида Асосий қонунга киритилган ўзгартиришларни эълон қилди. Ўзгартиришлар киритиш бўйича ишчи гуруҳ эртаси куни йиғилди ва бир ҳафта ўтгач, президентнинг тузатишлари биринчи ўқишда қабул қилинди. 10 март куни иккинчи ўқишдан олдин Конституцияга қарийб 400 та ўзгартириш киритилди.
Қонун лойиҳаси учта қисмдан иборат: Конституцияга киритилган ўзгартиришлар, ўзгартиришлар бўйича Россия томонидан овоз бериш тартиби ва ниҳоят, қонуннинг кучга кириши тартиби.
Янги Конституция кучга кириши билан Путиннинг аввалги сайланган президентлик муддатлари “тозаланади”. Бу эса Владимир Владимировичга яна 16 йил мамлакат тепасида қолиш имконини беради.
Агар воқеалар ривожи шу зайлда давом этса, Путин Россияни 2036 йилгача бошқаради. Ўшанда у 36 йил давомида ҳукумат тепасида қолган бўлади. Бу билан Путин узоқ вақт ҳукмронлик қилиш бўйича Собиқ Совет Иттифоқи раҳбари Сталиндан ўзиб кетади. Лекин, Россия тарихида 43 йил мамлакатни бошқарган Буюк подшоҳ Пётр (1672 – 1725) энг узоқ муддатли ҳукмрон ҳисобланади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг