Бир ариза билан олтита хизмат битади
Иллюстратив фото
Жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб туғилиш билан боғлиқ комплекс давлат хизматларини кўрсатиш тартиби барча ФҲДЁларда жорий этилади. Синов тариқасида Наманган вилоятида амалга оширила бошлаган ушбу янгиликдан минг нафардан ортиқ фуқаро фойдаланишга ҳам улгурди.
Бир вақтнинг ўзида бир неча хизматлардан фойдаланиш имконини тақдим қилиниши кўпчиликни мамнун этмоқда. Чунки бу билан фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимига бир марта мурожаат қилиб, 6 та хизматдан фойдаланса бўлади. Эндиликда янги туғилган чақалоққа бир вақтнинг ўзида шифохонадан туғилганлик ҳақидаги тиббий маълумотнома олиш, ФҲДЁ органида туғилганликни қайд этиш, поликлиникага ҳисобга қўйиш, бир марталик нафақа пулини олиш, яшаш жойи бўйича рўйхатга қўйиш, болани давлат боғчасига навбатга қўйиш электрон тартибда амалга оширилади. Авваллари ушбу давлат хизматларидан фойдаланиш учун камида 6 та давлат идорасига 15 тадан ортиқ ҳужжат ва маълумотлар топширилар эди. Ҳозирга келиб айни жараёнлар нари борса 20 дақиқада ҳал этилмоқда. Масалан, янгиқўрғонлик Убайдулло Раҳмонов фарзанди туғилганидан сўнг қисқа фурсат ичида бир йўла 6 та хизматдан фойдаланди.
Янги тартибга кўра, биргина ФҲДЁ органига бориб, сўровнома тўлдиришнинг ўзи етарли. Мазкур идора туғилганлик ҳолатини қайд этади ва бошқа давлат хизматларидан комплекс тарзда фойдаланишни таъминлайди. Бунда, барча ҳаракатлар электрон тизим орқали амалга оширилади. Ушбу давлат хизматларини комплекс тарзда кўрсатиш реал вақт режимида, фақатгина ФҲДЁ органининг ўзида кўрсатилади. Ҳар бир давлат хизмати натижаси бўйича фуқароларга СМС-хабар бериб борилади.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг