Билиб қўйки, сени Ватан кутади

14:10 26 Июнь 2022 Жамият
2702 0

Фото: Халқ сўзи

Навоий давлат педагогика институтини жорий йилда 2 минг 29 нафар талаба муваффақиятли якунлаб, 20 йўналиш бўйича бакалавр, 210 нафари эса 17 йўналиш бўйича магистр даражасидаги мутахассисликка эга бўлди. Навоий вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Нормат Турсунов институтнинг битирувчи ёшлари билан учрашиб, шу баҳона таълим даргоҳида яратилган шароит, ўқув жараёни, илмий-тадқиқот ишлари ва талабаларнинг ижодий қобилият ва истеъдодларини рўёбга чиқаришлари учун олиб борилаётган чора-тадбирлар билан яқиндан танишди. Шунингдек, республика ва халқаро мусобақалар совриндорлари, «Беш ташаббус олимпиадаси» иштирокчилари, уларнинг устозлари билан суҳбатлашилди. Вилоят раҳбари институт қошидаги «Инкубация ва акцелерация» марказида ҳам ўқиб, ҳам ишлаётган талабалар билан мулоқот қилди, уларнинг стартап лойиҳалари билан қизиқди.

Учрашувлар жараёнида институт ректори Баҳодир Собиров битирувчиларни ишга жойлаштириш юзасидан тузилган шартномалар хусусида маълумот берди.

—  Бугун диплом олган талаба-ёшларимизнинг 635 нафари, яъни 31 фоизи ишга жойлаштирилиб, шундан 151 нафари, яъни 24 фоизи умумтаълим мактабларида ўз мутахассисликлари бўйича фаолият олиб боради, — дейди Б. Собиров. — Шунингдек, магистрлик даражасини олган талабаларимизнинг барчаси ишга жойлаштирилиб, уларнинг 23 нафари илмий изланишларини ниҳоясига етказиш мақсадида институтимизда ўз фаолиятини давом эттиришади. Қувонарлиси, битирувчи ёшларимизнинг ўнга яқини олис ҳудудларга бориб, умумтаълим мактабларида ишлаш ниятини билдирди. Улар мамлакатимиз раҳбари қарори асосида жорий этилган бир қатор имтиёзлардан фойдаланишади.

Учрашувда битирувчи талабаларнинг ота-оналари ҳам иштирок этиб, ўз муносабатларини билдирдилар.

— Мен йигирма саккиз йил аввал ушбу институтни битирганман, — дейди хатирчилик Абдуқаҳҳор Шодиев. — Яшириб нима қиламан, ўшанда таниш-билишни ўртага солиб, ишга жойлашган эдим. Бугун, мана, қизим диплом ва тайинли иш жойи билан бағримизга қайтмоқда. Бу мамлакатимизда ёшлар ҳаёти бевосита давлатимиз раҳбари диққат-эътиборида эканлигининг ифодасидир.

Президентимизнинг 2017 йил 25 апрелдаги «Навоий вилоятининг олис чўл туманлари аҳолиси турмуш даражасини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори Қизилқум кенгликларидаги Томди, Конимех ва Учқудуқ туманларида узоқ йиллар давомида йиғилиб қолган муаммоларни самарали ҳал этиш, мазкур ҳудудларни ривожлантиришдаги номутаносибликларга барҳам бериш баробарида кадрлар тақчиллиги ва бандлигини таъминлашдек мажмуавий тадбирларни қамраб олган. Шу асосда вилоятнинг олис ҳудудларидаги тиббиёт ва таълим муассасаларини мутахассислар билан таъминлаш мақсадида олий ўқув юртларига имтиёзли асосда қабул қилиш жорий этилиб, бугун биргина НДПИда 321 нафар йигит-қиз ушбу имкониятдан фойдаланмоқда. Уларнинг 90 нафари таълимни муваффақиятли якунлаб ўз овулларига қайтишмоқда.

— Мен институтимизнинг бошланғич таълим йўналишида мутахассисликка эга бўлдим, — дейди Томди туманидаги «Томдибулоқ» ОФЙда истиқомат қилувчи Кундизой Ибраимова. — Албатта, институтда олган билим ва тажрибам билан овулимизда бошланғич таълим сифатига ўз ҳиссамни қўшаман. Таълимнинг ушбу босқичи муҳим аҳамиятга эга эканлигини инобатга олсак, пировардида умумтаълим сифатига муносиб улуш қўшамиз.

Учрашувда талабалар эришган ютуқлари ҳақида сўзлаб, бир қатор таклифларни илгари суришди. Хусусан, хорижий тилларни оммалаштириш, ҳудудий бандлик бозори эҳтиёжларини прогнозлаш, ўқув ва илмий лаборатория базаларини модернизация қилиш, замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, спорт-соғломлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш бўйича ўз фикрларини баён этдилар.

Талабаларнинг «Ҳоким соати» дарсларини ташкил этиш таклифи вилоят раҳбари томонидан маъқулланди.

— Бугундан эътиборан сиз талаба ҳам, битирувчи ҳам эмас, балки салоҳиятли мутахассиссизлар, - деди Нормат Турсунов. — Мамлакатимиз ўз тараққиётини таълим билан боғлаган экан, табиийки, бу ният ижобатининг олдинги сафида бўласизлар. Шу маънода нафақат таълим, балки барча ислоҳотларнинг натижадорлиги бевосита сизнинг фидойилигингиз ва чинакам ватанпарварлигингизга боғлиқ. Академик шоир Ғафур Ғулом «Билиб қўйки, сени Ватан кутади» деб айтганидек, Ватан энди сизлардан меҳнат жасоратларини кутади.

Учрашувда вилоятда фаолият юритаётган етмишдан ортиқ корхона ва ташкилотлар раҳбарлари ёш мутахассисларга ўз жамоасидаги бўш иш ўринларини таклиф этди.

Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер