Беларусь Республикаси билан таълим ва фан соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
Айни пайтда расмий ташриф билан Беларусь Республикасида бўлиб турган Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси қатор учрашувлар ўтказди.
Хусусан, парламент делегацияси М.Танка номидаги Беларусь давлат педагогика университетида ушбу мамлакат таълим вазири А.Иванес ва олий таълим муассасаси ректори А.Жук билан мулоқот ўтказди.
Суҳбат давомида икки мамлакат ўртасида таълим йўналишида ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларига эътибор қаратилди.
Жумладан, педагогик кадрларни тайёрлаш, ҳамкорликда таълим жараёнларини ташкил этиш методологиясини ишлаб чиқиш, илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш, инклюзив таълимни ривожлантириш каби масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Олий таълим муассасалари билан талабалар ва профессорлар академик алмашинуви ҳамкорликнинг самарали усулларидан бири эканлиги таъкидланди.
БПДУ ректори А.Жук Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ниятида эканлигини маълум қилди.
Мулоқот якунида таълим ва фан соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олинди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг