Барчаси баркамол авлод учун
Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” мажмуасида “Nurli kelajak Expo — 2018” кўргазмаси давом этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги томонидан тегишли вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида ташкил этилган кўргазмада Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган 250 дан ортиқ корхона ҳамда тадбиркорлик субъектлари вакиллари ўз маҳсулотлари билан қатнашмоқда.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан таълим, айниқса, мактабгача таълим тизимида олиб борилаётган туб ислоҳотлар ёшлар келажагини, эртанги куни ва тақдирини белгилашда муҳим ўрин тутмоқда. Бунда давлатимиз раҳбарининг мактабгача таълим тизими ҳамда бошқарувини тубдан такомиллаштиришга қаратилган бир қатор қарор ва фармонлари муҳим дастуриламал бўлмоқда. Айниқса, Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилгани, қолаверса, давлат мактабгача таълим муассасалари ходимларининг айрим тоифалари меҳнатига қўшимча ҳақ тўлаш тизимининг йўлга қўйилгани соҳа ривожида катта роль ўйнаяпти.
Маълумотларга кўра, 2017 — 2021 йилларда 2200 та мактабгача таълим муассасасининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, қишлоқ аҳоли пунктларида янги мактабгача таълим муассасаларини қуриш, уларни замонавий талабларга жавоб берадиган инвентарь, ускуналар, ўқув-методик қўлланмалар, мультимедиа ресурслари билан таъминлаш кўзда тутилган. Ушбу тадбирларни амалга ошириш мақсадида жами 2,2 триллион сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган.
Жорий йилнинг 1 февралидан эътиборан пойтахтимиздаги давлат мактабгача таълим муассасаларига тадбиркорлик субъектлари томонидан тайёр озиқ-овқатларни етказиб бериш бўйича туман мактабгача таълим бўлимлари билан тўғридан-тўғри шартномалар тузишга синов тариқасида рухсат берилган. Айни пайтда Сергели, Олмазор ва Чилонзор туманларидаги айрим мактабгача таълим муассасаларида кетринг усулида овқатлантириш йўлга қўйилди.
Ярмарка мактабгача таълим бўлимлари билан озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, мебель жиҳозлари, дидактик ўйин ва ўйинчоқлар, спорт ҳамда тиббиёт анжомлари ишлаб чиқарувчилар ўртасида икки томонлама шартномалар тузиш, ҳамкорликни йўлга қўйиш, ўзаро тажриба алмашиш имкониятини яратиб берди.
— Кўргазмада болажонлар, айниқса, боғча тарбияланувчилари учун махсус ётоқ кравати, стол-стуллар, ўйинчоқлар каби 15 хил маҳсулотимизни намойиш қилаяпмиз, — дейди Наманган вилоятидаги “Нўъмонжон Файз” корхонаси раҳбари Маъруфжон Араббоев. — Ўтган йили ўнга яқин боғчаларга ўз маҳсулотларимизни етказиб бердик. Бугунги ярмаркада маҳсулотимизга барча вилоят, айниқса, Самарқанддан кўплаб таклифлар тушаяпти. Ишонаманки, кўргазма якунига қадар кўплаб шартномалар тузамиз.
Раҳим ШЕРҚУЛОВ,
“Халқ сўзи” мухбири.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг