Фарғонада барак уйларда яшаган оилалар янги ва замонавий уйларга кўчиб ўтишди

10:58 12 Апрель 2023 Жамият
611 0

Фото: Халқ сўзи

Фарғона шаҳри маркази – Алишер Навоий ва Маърифат кўчалари кесишмасидаги икки қаватли маънан эскирган уйлар (бараклар) ўрнида Реновация дастурига асосан барпо этилган янги турар-жой мажмуаси тантанали равишда ўз эгаларига топширилди.

 Замонавий лойиҳа асосида бунё этилган 8 қаватли турар-жой биносига эски уйларда яшаб келган 24 та оила ҳам кўчиб ўтди. 2021 йилнинг баҳорида Фарғона вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан шаҳар ҳудудидаги 50-60 йиллар аввал қурилган барак уйлар ўрнида шаҳарсозлик меъморчилиги анъаналари бўйича янги уйлар қурилишига киришилган эди. Боиси, уйшбу уйлар деворлари захлаб кетган, томлардан чакки ўтар, биноларнинг фасадлари аянчли аҳволда ҳамда иситиш ва сув таъминоти, канализация билан боғлиқ муаммолар бу ерда яшовчиларнинг тинка-мадорини қуритганди.

Шу тариқа бугунги кунда Реновация дастури доирасида шаҳар ҳудудида яна 10 га яқин ҳудуддаги эскирган бир ва икки қаватли уйлар ўрнига 7, 9, 12 қаватли уй-жойлар қуриш ишлари олиб борилмоқда.

 - Янги уй тўйларида халқимизга хос эзгу фазилат намоён этилиб, Рамазон туҳфаси сифатида Фарғона шаҳридаги 106 нафар кам таъминланган оила фарзандларига суннат тўйлари ҳам ўтказиб берилди,-дейди “Марғилон ихтисослаштирилган таъмир қурилиш” МЧЖ раҳбари Аҳмадиллохон Қиличхонов. - Тўйболаларга янги сарполар кийдирилиб, ҳар бирига велосипед, эсдалик совғалари ҳамда оилаларига озиқ-овқат маҳсулотлари тақдим этилди.

Тантанали тадбирда Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров иштирок этиб, янги уй соҳиблари ва тўйболаларни қўшалоқ хурсандчилик айёми билан самимий қутлади.

Ботир Мадиёров, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер