Баракали йилнинг байрамона сарҳисоби
Фото: «Халқ сўзи»
Бу йил сурхондарёлик деҳқонлар учун чиндан хам баракали бўлди. Коронавирус пандемияси ҳамон давом этаётган ва деҳқончилик учун ҳам мураккаб вазият ҳукм сурганига қарамай, вилоятда 610 минг тонна ғалла, 1 минг 715 тонна пилла, 1,6 миллион тонна мева-сабзавот, 202 минг тонна гўшт ва сут маҳсулотлари етиштирилди. 253 минг тонна пахта ҳосили йиғиб олиниб, ўтган йилга нисбатан 52 минг тонна кўп хом ашё олинди. Пахтачиликдаги ҳосилдорлик ўртача 7,5 центнерга ошди.
Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан Термиз шаҳрида ўтказилган байрам тадбирида мана шундай салмоқли натижалар учун илғор фермер ва деҳқонлар, механизаторлар, сувчилар, тажрибали томорқа ер эгалари, соҳага хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ва қайта ишлаш корхоналари вакилларига миннатдорлик билдирилди.
Қайд этилганидек, вилоятда янги кластерлар фаолияти йўлга қўйилмоқда. Замонавий иссиқхоналар халқимизни қишин-ёзин сархил неъматлар билан таьминлашга, ҳудуднинг экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилмоқда. Айни пайтда воҳада 1 минг 500 гектар майдонда иссиқхона барпо этилган бўлиб, унинг 350 геетари жорий йилда ишга туширилди.
Томорқа хўжалиги вилоят аҳолиси учун қўшимча даромад манбаига айланди. Аҳоли томорқаларида 950 минг тонна мева-сабзавот, полиз ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари етиштирилгани айни фикримиз тастиғидир.
Шуни ҳам айтиш керакки, ирригация тармоқлари ва мелиоратив объектларни таъмирлаш-тиклаш, реконструкция қилиш ва янгидан қуришга ҳам эьтибор қаратилмоқда. Жорий йилнинг ўзида 30 минг гектар майдонда сув таъминоти, 25 минг гектар ернинг мелиоратив ҳолати яхшиланди. 14,5 гектар майдон қайта фойдаланишга киритилди.
Тадбирда давомида бир гуруҳ соҳа ходимлари “Қишлоқ хўжалиги фидойиси”, “Сув хўжалиги аълочиси” каби кўкрак нишонлари ҳамда вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалари билан рағбатлантирилди.
Соҳа ходимларини шарафлашга бағишланган тадбир файзли дастурхон атрофида, санъаткорлар ижросидаги куй-қўшикларга уланиб, барча хуш кайфият улашди.
Илҳом Раҳматов, "Халқ сўзи" мухбири.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг