Балиқчилик Ёзёвон иқтисодиётининг муҳим драйверига айланмоқда
Фото: Халқ сўзи
Фарғона вилоятининг Ёзёвон тумани табиий-иқлим шароити балиқчиликни ривожлантириш учун қулай бўлиб, ушбу мақсадда янги ва истиқболли лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Айни пайтда туманда 84 та балиқчилик фермер хўжалиги фаолият кўрсатяпти. Бу борада ишлар кўламини янада кенгайтириш, соҳага хориж тажрибасини кенг жорий этиш ва янги технологиялардан унумли фойдаланиш ҳисобига балиқчиликни туман иқтисодиётининг муҳим драйверига айлантиришга эришилмоқда.
Ҳозирги кунда тумандаги барча балиқчилик хўжаликлари ҳавзаларига қуёш панеллари ҳамда кислород билан бойитиш ускуналари – аэраторлар ўрнатиш, бунинг ҳисобига сув ҳавзаларини интенсивлаштириш ва балиқ етиштириш ҳажмини сезиларли ошириш чоралари кўрилмоқда.

— Балиқчилик хўжаликларида тўлиқ қуёш панеллари ва аэраторларни жорий этиш мақсадида Жаҳон банки маблағлари ҳисобидан имтиёзли кредит ажратиш режалаштирилган, —дейди Марказий банкнинг Фарғона вилоят бош бошқармаси бошлиғи Туробжон Қундузов. — Шунингдек, балиқчилик тармоғини қўллаб-қувватлашга масъул бўлган «Ипотека банк»нинг вилоят филиали кредитлари ҳажмини янада ошириш кўзда тутилмоқда.
Ўз навбатида туманда мазкур тармоқни жаҳон андозалари даражасида ривожлантириш учун малакали мутахассисларни жалб этган ҳолда ўқув-семинарлар ташкил этиш, балиқ етиштириш ва қайта ишлашнинг замонавий усуллари ва интенсив технологияларини ўрганиш мақсадида ёзёвонлик фермерларни хорижий давлатлар, хусусан, Венгрияга юбориш режаси ишлаб чиқилган.
— Хонадонимизда 9 сотих майдонда 3 та сунъий сув ҳавзаси ташкил этиб, 3 та аэратор ўрнатганмиз, — дейди Ёзёвон туманидаги «Наврўз» МФЙда истиқомат қилувчи Баҳодир Қаландаров. — Сув ҳавзаларига 2022 йилнинг май ойида балиқ чавоқлари ташлагандик. Эндиликда 7 тонна парҳез гўшт етиштириш орқали ўртача 200 миллион сўм даромад олишни кўзлаб турибмиз.
Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг