Бахтиёр кичкинтойлар маскани
Фото: "Халқ сўзи"
Ҳудудларда янги мактабгача таълим муассасаларининг фойдаланишга топширилиши куннинг одатий мавзуларидан бирига айлангани рост. Бироқ бунинг натижасида юзлаб болажонлар мактабгача таълимга қамраб олинаётгани алоҳида эътирофга моликдир. Янада муҳим жиҳати шуки, жойларда барпо этилаётган мактабгача таълим масканлари замон талаблари асосида фаолият бошлаётир.
- Бугунги кунда мактабгача таълим ташкилотларида рақобат жуда кенг қулоч ёйди, - дейди шаҳрихонлик тадбиркор Улуғбек Каримов. –Ота-оналар фарзандларини ўзларига мақбул бўлган боғчага бермоқдалар. Шунинг учун ҳам биз ташкил этган “Истиқлол болажонлари” нодавлат мактабгача таълим ташкилоти энг илғор иш услубларидан андоза олган ҳолда фаолият юритмоқда.
Андижон вилояти Шаҳрихон туманида 3 млрд. 400 млн. сўм маблағ ҳисобига қуриб, фойдаланишга топширилган боғча 100 нафар болажонни ўз бағрига олди. Ота-оналар фарзандларининг машғулотлардаги иштирокини онлайн кузатиш билан бир қаторда уларнинг саломатлигидан хавотир олмасалар ҳам бўлади. Боиси, бу ерда тиббий хизмат сифатли йўлга қўйилган ва жисмоний чиниқтирувчи спорт машғулотлари ҳам ташкил этилган.
Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг