Байрам олди ярмаркалари — халқ хизматида
Фото: «Халқ сўзи»
Шу кунларда Самарқанд вилоятининг барча туман ва шаҳаридаги деҳқон бозорларида Янги йил байрами олдидан арзонлаштирилган маҳсулотлар ярмаркаси ташкил этилган.
Вилоят бозорлар уюшмаси маълумотига кўра, 25 декабргача деҳқон ва фермерлар, савдо тайёрлов ташкилотлари томонидан ярмаркаларда 2000 тоннадан ортиқ картошка, пиёз, сабзи, гўшт, шакар, мой, гуруч каби асосий турдаги маҳсулотлар ва 735 минг донадан ортиқ тухум арзон нархда сотилган.
Жумладан, «Сиёб деҳқон бозори»да Ургут, Булунғур ва Самарқанд туманлари деҳқонлари ўзлари етиштирган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, «Афросиёб парранда», «Мароқанд парранда» масъулияти чекланган жамиятлари парҳез гўшт ва тухум савдосини ташкил этган. «Сиёб деҳқон бозори»га қарашли тайёрлов ташкилоти гўшт, гуруч, дуккакли маҳсулотлар, савдо ташкилотлари спиртли ва салқин ичимликларни харидорларга тақдим этмоқда. Бу ерда мол гўшти килограми 55 минг сўмдан, қўй гўшти 58 минг сўмдан ва парранда гўшти 22 минг сўмдан, тухум донаси 900 сўмдан сотилмоқда. Бошқа маҳсулотлар ҳам бозордагидан арзон нархда савдога чиқарилган. Бозор маъмурияти томонидан ярмарка иштирокчиларига 325 та савдо нуқтаси ажратилган ва 26 хил маҳсулот келтирилиши белгиланган бўлса, тадбиркорларимиз 70 турдан ортиқ маҳсулотни савдога чиқарган.
— Бозордан гўшт, ёғ, мевалар ва рўзғорга керакли бошқа маҳсулотлар харид қилдим, — дейди харидор Раъно Маматова. — Мол гўшти килограми 50-55 минг сўмдан, қўй гўшти 58 минг сўмдан сотиляпти. Бошқа маҳсулотлар ҳам арзон. Сифати ҳам яхши.
Абдулазиз Йўлдошев, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг