Байден Трамп сиёсатидан шикоят қилди
АҚШнинг амалдаги президенти Дональд Трамп расман мағлуб бўлган саккизта штатида ғолиб бўлмоқчи эканлигини маълум қилди. Бу ҳақда РИА нашри хабар бермоқда.
Жо Байден Трампни коронавирусга қарши курашиш ўрнига сайлов натижалари тўғрисида «нолимоқда ва шикоят қилмоқда» деб масхара қилди. Шундан сўнг Трамп саккизта штатда ғалаба қозонмоқчилигини эълон қилди.
Трампнинг сўзларига кўра, демократлар уни Жоржия штат сайлови натижасидан шикоят қилганликда айбламоқда.
«Йўқ-йўқ. Мен саккизта штат сайлов натижасидан шикоят қиляпман ва уларнинг барчасида ғалаба қозонаман деб ўйлайман», деди мамлакат президенти Жоржия тарафдорлари билан бўлиб ўтган суҳбатда.
Трамп ўз тарафдорларига яқинда вазият ўзгаришини ваъда қилди ва улардан кейинги хафталарда нималар содир бўлишини кузатишларини сўради.
Эслатиб ўтамиз, Дональд Трамп АҚШнинг муҳим штатларидан бири Жоржия штати вице-губернаторини сайловда тўпланган овозларни ўз фойдасига қайта санаб чиқишга чақирган. Бу ҳақда "The Washington Post" маълум қилган.
Маълумот ўрнида, АҚШда навбатдаги президентлик сайловидаги овозларни ҳисоблаш масаласи бўйича суд жараёни ҳали ҳам давом этмоқда. Оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, Байден сайловда ғалаба қозониш учун етарлича овоз тўплаган ва Трампдан ўзиб кетган. Шунингдек, Жо Байден аллақачон ўзини АҚШнинг сайланган президенти деб эълон қилди. Ўз навбатида, Трамп Байден ўзини янги раҳбар деб аташга шошилаётганини таъкидлади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг