Аюб алайҳиссалом Бухорода бўлганми?
Бухоронинг шариф шаҳар мақомига эга бўлиши шубҳасиз, буюк аждодларимиз, тарихий шахслар ва авлиёлар билан боғлиқ. Шундай табаррук зотлардан бири Қуръони Каримда номи зикр этилган Аюб алайҳиссаломдир.
Ҳазратнинг Бухорога келганлигини тасдиқловчи қатор тарихий манбалар мавжуд. Жумладан, Абу Бакр Муҳаммад ибн Жаъфар Наршахийнинг «Китоб-и ахбор-и Бухоро», Абу Абдуллоҳ Муҳаммад Сулаймон бин Комил ал-Бухорий ал-Варроқнинг «Бухоро тарихи», Муҳаммад Носириддин Бухорийнинг «Туҳфат аз-зоирин», Аҳмад ибн Маҳмуд Бухорийнинг «Тарихи Муллозода» китобларида Ҳазрат Аюб алайҳиссаломнинг бу гўшага келганлиги баён қилинган.
Фақат битта манба бундан мустасно. Абу Закариё Мухйи ад-дин ибн Шараф ан-Нававий ўзининг «Таҳзиб ал- асмоъ ва-л-луғот» китобида Аюб пайғамбарнинг қабри Бухорода эмаслигини айтган. Абу Закариёнинг асли суриялик эканини ва у Аюб алайҳиссаломнинг қабри шу давлатнинг Нава қишлоғидалиги ҳақида ёзиб қолдирганини назарда тутиб, ўтмишда ҳам тарихчилар ўртасида турли баҳс-мунозаралар бўлган, деган хулосага келиш мумкин. Негаки, 7 та жой (Ўзбекистон, Туркия, Сурия, Уммон, Ливан, Қирғизистон)да Аюб алайҳиссаломнинг қабри борлигини кўрсатувчи маълумотларни учратамиз.
Аҳмад ибн Маҳмуд Бухорийнинг «Тарихи Муллозода» китоби Бухорода яшаб фаолият юритган, шаҳар ва унинг атрофидаги қадамжоларда мангу қўним топган 160 нафар уламо, тасаввуф шайхлари, султонлар, садрлар ва қозилар ҳақида қизиқарли маълумотлар берувчи муҳим манба ҳисобланади. Ундаги илк маълумотлар Чашмаи Аюб мақбарасидан бошланади.
Бу китоб мутолааси жараёнида Бани Исроил пайғамбарларидан бўлган зот Аллоҳ таолодан ер юзини айланиб чиқиш учун ижозат сўраганини, сафар чоғида Жайхун (Амударё) бўйига етиб келгач, сол ясаб, дарёни кечиб ўтгани ва Бухорога киргани ҳақидаги маълумотга эга бўламиз. Бухоро аҳли унга иззат – икром кўрсатади. Ўз навбатида у ҳам бу юрт аҳолиси ҳақига «Аллоҳим, уларга ва уларнинг наслларига барака ато қил, душманларига қарши уларга кўмак бер, фитна-фасодни улардан йироқ эт», дея дуо қилади.
Муҳаммад Наршахийнинг 958 йилда ёзилган «Бухоро тарихи» китобида ёзилишича, Ҳасан Басрий шундай деган эканлар: «Аюб пайғамбар алайҳиссалом Бухорога келганларида, Бухоро аҳли уни меҳмон сифатида яхши қабул қилиб оладилар. Аюб алайҳиссалом ҳам Бухоро аҳли ҳақига дуойи баракат тилади» .
Аюб пайғамбар ҳаётининг Бухоро билан боғлиқ жиҳатлари замондош тарихчиларни ҳам бефарқ қолдирган эмас. Бу ўринда Садриддин Салим Бухорийнинг «Бухоронинг табаррук зиёратгоҳлари» асари, тарихчи олим Ҳалим Тўраевнинг «Бухоро тарихи» номли ўқув қўлланмасини алоҳида тилга олиш мумкин.
Дарвоқе, Ўзбекистон ҳудудида Чашмаи Аюб номи билан аталувчи битта мақбара ва бир хазира бор. Булар Бухоро шаҳридаги ХII — ХIХ асрларга тегишли Чашмаи Аюб мақбараси ҳамда Вобкент туманидаги Ҳайработча қишлоғида жойлашган хазирадир. Хазиранинг қайси даврга тааллуқлиги аниқланмаган.
Чашмаи Аюб мақбара мақомидаги маданий мерос объекти саналади. Ўзбекистон Миллий Энциклопедиясида мақбара атамасига бирор майитнинг жасади жойлашган меъморий иншоот ёки тош тобут (даҳма, сағана)», дея шарҳ берилган.
Тарихий маълумотларга қараганда, Чашмаи Аюб мақбараси олдидаги чашма устига XII асрда Қорахонийлар ҳукмдори фармонига мувофиқ гумбаз қурилган. Иккинчи гумбаз Соҳибқирон Амир Темур амрига кўра, 1379 йилда бино этилган. Учинчи гумбаз эса Шайбонийлар даврида бунёд қилинган. Археолог, тарихчи олима Е. Некрасова ўзининг Бухоро воҳаси архитектура ёдгорликларига оид китобида бу ҳақида қимматли маълумотлар берган.
Юртимиз мустақилликка эришгач, Чашмаи Аюб мақбараси «Бухоро сув таъминоти тарихи» музейига айлантирилди. Бу ерда Аюб пайғамбар билан боғлиқ тарихий экспонатлар бор. Хусусан, Аюб пайғамбар ҳақидаги ривоят битилган ХVI асрга тегишли панно бебаҳо саналади. Бу гўшанинг Бухоро шаҳри тарихий марказида жойлашгани ҳам унга бўлган қизиқишни оширмоқда. Шаҳар тарихий маркази эса 1993 йилда ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилганидан кўпчилик хабардор, албатта.
Шерзод МАҲМУДОВ,
Бухоро вилояти «Карвон» маданий меросни
ўрганиш ва туризмни ривожлантириш маркази раиси.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг