Аёлни эъзозлаш — эзгулик мезони

08:08 03 Март 2022 Жамият
1423 0

Фото: Халқ сўзи

Жорий йилнинг 1 мартида Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини янги босқичга кўтариш ва аёлларнинг жамиятдаги ўрнини янада мустаҳкамлаш, уларнинг таълим ва касбий кўникмалар олиши ҳамда бандлигини таъминлашга ҳар томонлама кўмаклашиш бўйича энг долзарб вазифалар белгилаб берилди.

Сирдарё вилояти мусиқали драма театрида 2 март куни «Аёлни эъзозлаш – эзгулик ва адолат мезони» шиори остида ташкил этилган маданий тадбирда ана шулар хусусида сўз борди.

— Аёл заковати жамиятнинг энг мураккаб муаммоларидан тортиб, оилавий ташвишлар, рўзғор икир-чикирларини оқилалик билан ҳал эта олишга қодир кучдир. Айниқса, Тўмарису Бибихонимлар авлоди саналмиш ўзбек аёлининг нафосати, латофати, метин иродаси, сабр-бардоши, фидойилиги қаршисида ҳар қанча таъзим бажо айласак, шунча кам, — деди тадбирда Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев.

Таъкидландики, вилоятда хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, оилалар даромадларини ошириш дастурлари асосида 2022 йилда 9 960 нафар хотин-қизни ишга жойлаштириш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида 4926 нафар аёлга 181 миллиард 989 миллион сўм маблағ ажратилади.

Бундан ташқари йил якунига қадар «Аёллар дафтари»га киритиладиган 14 380 нафар хотин-қизлар билан манзилли ишлаш ва шу асосда 4 476 нафар опа-сингилларимиз бандлигини таъминлаш, 1423 нафар аёлни тадбиркорликка жалб этиш ва уларга кредит олишга кўмаклашиш, 6 900 нафар эҳтиёжманд хотин-қизларга моддий ёрдам ажратиш, шунингдек, уларнинг 475 нафарига томорқадан даромад манбаи сифатида фойдаланишлари учун кўмаклашиш, 142 нафарининг уй-жойини таъмирлаш ва 602 нафар хотин-қизга турар-жой ижара компенсациясини тўлаб бериш режалаштирилган.

Тадбир доирасида вилоят санъат усталари, ёш хонандалар ижросида концерт дастури намойиш этилди. Хотин-қизларга баҳорий гулдасталар, эсдалик совғалари топширилди.

Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер