Автомобилларга ёқилғи қуйиш бўйича энг яхши станцияларга Quality service сертификати топширилди
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ташаббуси билан энг яхши Автомобилларга газ тўлдириш компрессор станцияси (АГТКС), Автомобилларга газ қуйиш станцияси (АГҚС) ва Автомобилларга ёқилғи қуйиш станциялари (АЁҚС)нинг тақдиралаш маросими бўлиб ўтди. Тантанали тадбирни қўмитаси раиси ўринбосари Фахриддин Давруков очиб берди.
— Республика бўйича мавжуд 4 мингдан ортиқ Автомобилларга ёқилғи қуйиш станцияларининг 800 тасида ёки бошқача айтганда, атиги 20 фоизидагина замонавий санитария-гигиена шохобчалари мавжуд эди, — деди Ф.Давруков. — Ҳудудий ишчи гуруҳлар томонидан 2020 йилнинг 2-20 сентябрь кунлари амалга оширилган такрорий хатлов ва ўрганишлар якунларига кўра, республикадаги барча Автомобилларга ёқилғи қуйиш станцияларининг замонавий санитария-гигиена шохобчалари билан таъминланиш кўрсаткичи 20 фоиздан, қарийб 70 фоизга кўтарилишига эришилганлигини кўрсатмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 21 сентябрдаги «Йўлбўйи ва туристик инфратузилмани янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 793-сонли қарори эълон қилинди. Унга кўра, мамлакатимиздаги сайёҳлар келадиган объектлар ва автомагистраллар бўйларида замон талабларига тўлиқ жавоб берадиган ҳамда имконияти чекланган шахслар қулай ва тўсиқсиз фойдаланиш имкониятлари яратилган санитария-гигиена шохобчаларини барпо қилиш ва эксплуатация топшириш зарурияти борган сари долзарб масалага айланиб бормоқда.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг Ҳудудий бўлинмалар фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси берган маълумотларга кўра, 3-5 ноябрь кунлари амалга оширилган ўрганишлар давомида Республика ва ҳудудий ишчи гуруҳ аъзолари Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги 30 га яқин Автомобилларга ёқилғи қуйиш станциясига бевосита ташриф буюришган ҳамда уларнинг 17 тасида қарор талаблари бажарилмаганлиги учун фаолиятини қисқа муддатга тўхтатиш чоралари кўрилган. Аҳоли ва сайёҳларга қўшимча хизмат кўрсатиш борасидаги фаолиятини намунавий тарзда йўлга қўйган Автомобилларга ёқилғи қуйиш станциялари тақдирлаш ва рағбатлантириш учун тавсия қилинди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси ва мамлакатимизнинг барча вилоятларидаги АЁҚС, АГҚС ва АГТКСъларнинг фаолияти Вазирлар Маҳкамасининг «Йўлбўйи ва туристик инфратузилмани янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори талабларига мувофиқ ўрганиб борилади ҳамда келгусида юртимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам намунавий ёқилғи қуйиш шохобчаларини тақдирлаш ишлари давом этади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг