Автобензин нархи барқарорлашди, тақчиллик йўқ — Энергетика вазирлиги

15:03 13 Декабрь 2022 Иқтисодиёт
742 0

Иллюстратив фото

Куз-қиш мавсумида автобензин нархини барқарорлаштириш мақсадида 2022 йил 12 декабрь куни Президентимизнинг жорий йил 10 декабрдан 2023 йил 1 мартига қадар қатор чора-тадбирларни назарда тутувчи махсус қарори қабул қилинди.

Хусусан, ушбу давр мобайнида хориждан олиб кирилаётган, мамлакатимиз корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган ва тадбиркорлик субъектлари томонидан якуний истеъмолчиларга сотилаётган АИ-80 маркали бензинга акциз солиғининг «ноль» ставкаси қўлланилади.

"Бу белгиланган муддатда бензин нархи барқарор бўлишини таъминлайди. Мамлакатимизда бензин тақчиллиги йўқ, унинг барқарор таъминоти мавжуд, етказиб бериш йўлга қўйилди, импортнинг кўзда тутилган ҳажми барқарор давом этмоқда. Бироқ, ҳаво ҳарорати пасайиб бораётганидан фойдаланиб, айрим тадбиркорлар ёқилғи қуйиш шахобчаларида сотилаётган бензин нархини асоссиз равишда ошириш ҳолатлари ҳам учраб турибди.

Шуни унутмаслик керакки, Ўзбекистон ижтимоий соҳага йўналтирилган давлат экан, бундай ҳолларда фойда кўришга, сунъий танқислик ҳолатини яратишга йўл қўймайди. Ушбу қарор миш-мишлар ва шов-шувлардан даромад топишга уринаётганлар учун жиддий тўсиқ бўлади.

Шунингдек, автомашина эгаларига шуни эслатиб ўтамизки, бензинни захирада харид қилиш ва уни яроқсиз шароитда сақлаш ноқонуний ҳисобланади. Чунки бу нафақат сизнинг оила аъзоларингиз, балки яқин атрофда яшовчи бошқа инсонларнинг ҳам саломатлиги ва ҳаётига таҳдид солади. Бензинни фақат шу мақсадда махсус жиҳозланган объектларда, масалан, ёқилғи қуйиш шахобчаларида, терминалларда ва ҳоказоларда сақлаш мумкин. Яқинларингиз ва атрофингиздагиларнинг ҳаётини хавф остига қўйманг.

Аҳолини бензин билан таъминлаш ҳолати мамлакат раҳбарияти назоратида. Эслатиб ўтамиз, бензинни ноқонуний сақлаш ҳолатлари аниқланса, жарима ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа чоралар қўлланилади" дейилада вазирлик расмий хабарида.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер