Аскарларга имтиёзли тавсияномалар топширилди
Марказий ҳарбий округнинг Самарқанд гарнизонидаги ҳарбий қисм ва муассасаларида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган аскарларни тантанали кузатиш ва уларга имтиёзли тавсияномаларни топшириш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати хабар берди.
Тантанали тадбирда Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, вилоят ҳокимлиги, Қуролли Кучлар фахрийлари, муддатли ҳарбий хизматчи аскарлар иштирок этди.
Дастлаб бир йил давомида офицерга сержантлар ёрдамида “Устоз ва шогирд” анъаналари асосида мукаммал билим ва кўникмага эга бўлган аскарларга округ қўшинлари қўмондонининг табриги ўқиб эшиттирилди. Шундан сўнг хизматни намунали ўтаб, тест синовларидан муваффақиятли ўтган бир гуруҳ муддатли ҳарбий хизматчиларга олий таълим муассасаларига ўқишга киришлари учун қўшимча балл тақдим этувчи имтиёзли тавсияномалар ҳамда жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарликда юқори натижаларни кўрсатган аскарларга фахрий ёрлиқлар топширилди.
Якунда, муддатли ҳарбий хизматни ўташ даврида келгуси фаолиятини ҳарбийлик билан чамбарчас боғлаб, Қуролли Кучлар сафида шартнома бўйича ҳарбий хизматни давом эттиришга истак билдирган аскарлар янги хизмат жойларига кузатилди.
Тадбирнинг бадиий қисмида хушовоз санъаткорларнинг дилтортар тароналари ва Ватанни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар барчага аъло кайфият улашди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг