Асакада янги шаҳарча қад ростламоқда
Фото: Халқ сўзи
Асака тумани нафақат Андижон вилоятида, балки республикамизда аҳолиси зич жойлашган ҳудудлардан саналади. Шу боис ҳам бу ерда аҳолини турар жой билан таъминлаш масаласи долзарб аҳамият касб этиб келади. Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 2 апрелда қабул қилинган «Андижон вилояти Асака туманини ободонлаштириш ва архитектура қиёфасини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори бу борадаги муаммолар ечимини таъминламоқда. Жумладан, қарор ижроси доирасида «Чек» МФЙ ҳудудида «Асака cитй» турар-жой мажмуаси қад ростламоқда.

— 53,3 гектар майдонни қамраб олган ушбу лойиҳа «Ўзавтосаноат» акциядорлик жамияти томонидан барпо этилмоқда, — дейди Андижон вилоят қурилиш бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Иброҳимжон Зуфаров. — Бунёдкорлик ишлари якунига етгач, аҳолининг уй-жойга эҳтиёжманд аҳолиси 4 минг 631 хонадондан иборат 71 та кўп қаватли уйларга кўчиб ўтадилар.
Шунингдек, 267 миллион АҚШ доллари қийматидаги ушбу лойиҳа фойдаланишга топширилгач, 7 минг нафардан зиёд фуқаронинг доимий бандлиги таъминланади. Бунинг учун манзилда савдо мажмуалари, меҳмонхона, истироҳат боғи, 320 ўринли иккита болалар боғчаси ҳамда 2 минг ўринли умумий ўрта таълим мактаби қад ростламоқда. Бир сўз билан айтганда, янги шаҳарча Асака туманининг янги қиёфасини ўзида мужассам этади.
Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг