«Артемида-2» ой миссияси астронавтлари Ерга қайтишди
«Артемида-2» ой миссиясининг «Орион» Америка космик кемаси Тинч океанига муваффақиятли қўнди, деб хабар берди NASA.
Тошкент вақти билан 11 апрель куни соат 05:07 да экипаж Сан-Диего қирғоқлари яқинидаги Тинч океани ҳудудига парашютлар ёрдамида муваффақиятли қўнишни амалга оширди.
NASA ва АҚШ Қуролли Кучларининг қутқарув жамоалари экипажни «Орион» кемасидан чиқариб олишди, сўнгра вертолётларда «USS John P. Murtha» десант кемасига етиб олишларига ёрдам беришди.
Кема бортида астронавтлар миссия якунланганидан кейин тиббий кўрикдан ўтдилар. Шундан сўнг улар қирғоққа қайтишди ва у ердан самолётда Хьюстондаги NASAнинг Жонсон номидаги космик марказига етказилдилар.
NASA маъмури Жаред Айзекман экипаж ҳаракатларини юқори баҳолаб, уларни «мутлақо профессионал астронавтлар, ажойиб нотиқлар ва деярли шоирлар» деб атади.
АҚШ Президенти Дональд Трамп Truth Social ижтимоий тармоғида астронавтларни табриклади ва яқин орада Оқ уйда улар билан учрашув ўтказилишини эълон қилди.
«Буюк ва жуда иқтидорли «Артемида-2» жамоасини табриклайман. Бутун саёҳат ҳайратланарли ўтди, қўниш идеал даражада амалга оширилди ва Америка Қўшма Штатлари Президенти сифатида мен бундан ортиқ фахрлана олмасдим! Биз буни яна такрорлаймиз, кейинги қадам эса — Марс!» — деб ёзди у.
Эслатиб ўтамиз, апрель ойи бошида Ойга бортида тўрт нафар астронавт бўлган бошқариладиган космик кема учирилган эди: америкаликлар Рид Вайсман, Кристина Кук ва Виктор Гловер, шунингдек, канадалик Жерими Хансен Ер йўлдоши атрофини айланиб чиқишди.
Кема 6 апрель куни Ердан энг узоқ масофага — тахминан 406 608 км узоқликка етган эди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг