АҚШ ва иттифоқчилари бир кунда Афғонистондан 19 минг одамни эвакуация қилди
Фото: Reuters
24 август куни эрталаб соат 3:00 дан 25 август куни эрталаб 3:00гача АҚШ ўз иттифоқчилари билан бирга Афғонистондан 19 минг кишини эвакуация қилган. Бу ҳақда Оқ уй матбуот котиби ўринбосари Эндрю Бейтс маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, 14 августдан бери АҚШ 82 мингдан ортиқ одамни мамлакатдан олиб чиққан.
«Биз июль ойидан бери жами 87 900 кишини эвакуация қилдик», дейди Бейтс. Шунга қарамай АҚШ ҳарбийларига ёрдам берган кўплаб афғонистонликлар мамлакатдан кетиш учун навбатда туришибди.
Хабарларга қараганда АҚШ Афғонистондан эвакуация пайти хавфсизликни таъминлашга жалб этилган ҳарбий контингентини ҳам олиб чиқа бошлаган. Режага кўра, жорий йилнинг 31 августига қадар АҚШ Афғонистондаги барча фуқароларини олиб чиқиши керак.
Буни ҳозир Афғонистонда назоратни ўз қўлига олган «Толибон» ҳаракати ҳам талаб қилмоқда.
Ҳатто «Толибон» ҳаракати раҳбарлари Вашингтонга АҚШ қўшинлари Афғонистондан ўз вақтида олиб чиқилмаган тақдирда ҳарбий жавоб беиш билан таҳдид қилди. Агар АҚШ 31 августга қадар мамлакатдан ҳарбий контингентини олиб чиқмаса, жавоб чоралари қаттиқ бўлиши мумкин.
«Бу қизил чизиқ. АҚШ президенти Жо Байден 31 августгача барча ҳарбий кучларини олиб чиқиб кетишини эълон қилган», - дейди Шаҳин.
24 августда АҚШ президенти Жо Байден Пентагон ва Давлат департаментига Афғонистондан эвакуация қилиш вақти ўзгарган тақдирда фавқулодда вазиятлар режаларини ишлаб чиқишни топширган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг