АҚШ Исроилга ҳарбий ёрдамни оширишда давом этмоқда
Фото: AP
Америка етакчиларининг Ғазо секторида тинч аҳоли қурбон бўлишининг олдини олишга қаратилган чақириқларига қарамай, Қўшма Штатлар Исроилга ҳарбий ёрдамни пинҳона оширмоқда. Бу ҳақда “Bloomberg“ агентлиги қуроллар рўйхати келтирилган АҚШ мудофаа вазирлиги ҳужжатига таяниб хабар бермоқда.
Ҳужжат “Исроилнинг юқори мартабали раҳбарининг сўровлари” деб номланган. Унга кўра, қуроллар ё аллақачон етказиб берилмоқда ёки АҚШ мудофаа вазирлиги уларни захиралардан жўнатиш устида ишламоқда. Ҳужжатга кўра, октябрь ойининг охирига келиб, 30 мм тўплар учун 36 мингта снаряд, 1800 та М141 бункерга қарши ўқ-дорилар ва камида 3500 та тунги кўриш мосламалари етказиб берилган.
Қайд этилишича, Исроилга ёрдам деярли ҳар куни етиб боришда давом этмоқда. АҚШ тезкорлик билан юқори аниқликдаги ўқ-дорилар, кичик диаметрли бомбалар, 155 мм артиллерия снарядлари ва бошқа ўқ-дориларни етказиб бермоқда.
Бошқа нарсалар қаторида, Исроил бериладиган аслаҳалар рўйхатига 57 мингта 155 мм.дан ортиқ юқори портловчи артиллерия снарядлари, 20 мингта М4А1 милтиғи, беш мингга яқин PVS-14 тунги кўриш мосламалари, уч мингта М141 бункерга қарши ўқ-дорилар, 400 та 120 мм миномёт ва 75 та армия тактик ва денгиз пиёдалари учун машинаси киритилган. Бундан ташқари, Исроилга 200 та “Switchblade“ 600 дрони кераклиги қайд этилган. Бироқ ушбу қуроллар Америка армиясида мавжуд эмас.
Аввалроқ, АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси ўринбосари Стен Браун Исроил ва Украина ўртасида қурол-яроғ масаласида рақобат йўқлигини айтган эди. Давлат департаменти вакилининг таъкидлашича, Қўшма Штатлар иккала давлатга ёрдам кўрсатиши мумкин, чунки уларнинг умумий эҳтиёжлари “сезиларли даражада фарқ қилади”. Браун, шунингдек, Вашингтон ҳар йили Исроил билан хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик учун тахминан 3,3 миллиард доллар ажратаётганини қайд этди.
Ғазо секторидаги қарама-қаршилик шу йилнинг 7 октябрь куни бошланди. Шу куни эрталаб ҲАМАС Исроилга қарши “Ал-Ақса тўфони” деб номланган ҳарбий операция бошлади ва ҳаводан зарбалар берди. Минглаб жангарилар яҳудийлар давлати ҳудудига бостириб кириб, ўнлаб ҳарбий техника ва юздан ортиқ инсонни гаровга олди.
Шундан сўнг Исроил Бош вазири Бинямин Нетаньяху мамлакат уруш ҳолатида эканлигини эълон қилди. Мамлакат мудофаа кучларининг жавоб операцияси “Темир қиличлар” деб аталди ва унинг мақсадларидан бири ҲАМАСни йўқ қилиш ҳисобланади.
2023 йил 28 октябрда Исроил Ғазода қуруқликдаги операцияни бошлади. Яқин Шарқда навбатдаги эскалация бошланганидан бери Ғазо секторида ҳалок бўлганларнинг умумий сони 10 минг нафарга яқинлашди.
Олдинроқ, ҲАМАС сиёсий бюроси аъзоси Усама Ҳамдан 7 октябрь, можаро авж олганидан бери Исроил Ғазо секторига 35 минг тонна портловчи моддани ташлаганини маълум қилган эди.
Шунингдек, у АҚШ ва шахсан президент Жо Байденни Ғазо секторидаги оммавий қотилликларда айблади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг