Апрель — “Амир Темур ойлиги”
Мамлакатимиз бўйлаб буюк давлат арбоби ва саркарда, илм-фан, маданият ва санъат ҳомийси Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан эълон қилинган “Амир Темур ойлиги” доирасида кенг кўламли маданий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.
Хусусан, Ўзбек миллий академик драма театри ижодкорлари томонидан ушбу санага бағишлаб Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим асари асосида “Адолат фасли” спектакли саҳналаштирилди. Мазкур спектакль шу кунларда Самарқанд вилоят мусиқали драма театрида намойиш этилмоқда.

Бош роль, яъни Амир Темур ролини Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Рустам Каримовлар ижро этган.
Адолат фасли — Соҳибқироннинг ҳаётидаги кичик, аммо залворли бир эпизоддан иборат саҳна асари. Унда буюк жаҳонгир 28 давлатни бирлаштирган шахс сифатида йирик империяга асос солиши доим адолатни мезон қилиб олиши эвазига бунёд этилгани ҳақдаги фикр сингдирилган.
“Амир Темур ойлиги” доирасида вилоятдаги таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар, корхона ва ташкилотлар ҳамда маҳаллаларда темуршунос олимлар ва санъаткорлар иштирокида учрашувлар, давра суҳбатлари ҳамда бадиий-маърифий тадбирлар ҳам ўтказилмоқда.

Улардан кўзланган асосий мақсад Амир Темур ва темурийларнинг жаҳон тамаддуни ривожига қўшган улкан ҳиссасини тарғиб қилишга қаратилган.
“Амир Темур ойлиги” — буюк аждодимиз меросини чуқур ўрганиш, ёшлар қалбида ватанпарварлик ва миллий ғурурни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг