Андижонлик фермерлар ҳимматидан кўнгиллар шод
Саминжон ҲУСАНОВ. / «Халқ сўзи». Андижон вилоятида жорий йил мавсумида буғдойдан юксак хирмон яратилди. Ҳосил чўғидан руҳланган саховатли фермерлар эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш ташаббуси билан чиқишди. Улар томонидан 45 мингга яқин оилаларга 100 килограммдан буғдой, 30 донадан сомон боғлами ва буғдойдан бўшаган ердан деҳқончилик қилишлари учун 10–15 сотихдан майдон ажратиб берилди.
— Бу саховат кишини нафақат руҳлантиради, балки бугунидан рози бўлиб, эртанги кунига ишонч билан яшаш ҳиссини беради, — дейди Андижон туманида яшовчи фуқаро Толибжон Зокиров. — Масалан, менга ажратилган 100 кг буғдой туфайли дастурхонимизда иссиқ нон аримаяпти. 15 сотих ерда эса экин экиб, даромад қилиш имкониятига эга бўлдим. Мана шундай эътибор инсонни ўзини қадрли ҳис қилишга ундайди.
Мазкур амалий ёрдамлар камбағалликни қисқартириш, аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш ва ижтимоий барқарорликни таъминлашга хизмат қилмоқда. Албатта, бу хайрли ташаббус «Бирликда барака бор» деган ҳаётий фалсафани яна бир тасдиғидир.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг