Андижонда «Заҳириддин Муҳаммад Бобур асарларини энг кўп ўқиган давлат хизматчиси» танлови ўтказилди
Давлатимиз раҳбарининг китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва аҳоли ўртасида мутолаага қизиқишни оширишга қаратилган қарори ижроси доирасида Андижон вилоятида «Заҳириддин Муҳаммад Бобур асарларини энг кўп ўқиган давлат хизматчиси» танлови ташкил этилди.
Бошқарув самарадорлиги агентлиги вилоят филиали ташаббуси билан вилоят ҳокимлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бошқармаси ҳамда ахборот-кутубхона муассасаси ҳамкорлигида ўтказилган танлов икки босқичда ташкил этилди. Дастлаб иштирокчиларнинг Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва ижодига оид билимлари тест синовлари орқали баҳоланди. Юқори натижа қайд этган иштирокчилар эса савол-жавоб шаклида ўзаро беллашди.
Якуний натижаларга кўра, «Норин-Қорадарё» ирригация сув ҳавза бошқармаси ходими Дилноза Валиева 1-ўринни эгаллади.

— Бобур асарларини мутолаа қилиш мен учун танлов шарти эмас, балки маънавий эҳтиёждир, — дейди Дилнозахон Валиева. — Айниқса, «Бобурнома»даги ҳаётий кузатишлар, давлатчилик ва инсонпарварликка оид фикрлар хизмат фаолиятимда масъулиятни янада теран ҳис этишимга ёрдам берди. Бу танлов мутолаа орқали инсон ўз устида мунтазам ишлаши зарурлигини яна бир бор англатди.
Танловда иккинчи ва учинчи ўринлар мос равишда Спорт бошқармаси ходими Мадинабону Қодирова ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси вакили Обиджон Усмоновга насиб этди.
Ғолиб ва иштирокчилар ташкилотчилар томонидан сертификатлар ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Танловнинг анъанавий тарзда ўтказиб келинаётгани давлат хизматчилари ўртасида китобхонлик муҳитини мустаҳкамлаш, маънавий-маърифий савияни юксалтиришга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.
Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг