Андижонда томорқа учун минитрактор яратилди
Саминжон ҲУСАНОВ«Халқ сўзи». Избоскан туманида истиқомат қилаётган Илҳомжон Қосимовнинг асли касби механизатор. Томорқа эгаларининг дардини ҳам яхши тушунади. Катта тракторнинг 15 сотихли майдон ёки боғларда ер ҳайдаш имконияти чекланган. Хориждан олиб келинадиган минитракторларнинг эса нархи қиммат. Шу боис у эҳтиёжбоп техник воситани ўзи яратишга киришди.
— Минитракторимизнинг афзаллик жиҳатлари шундаки, унинг эҳтиёт қисмлари юз фоиз ўзимизда тайёрланади, — дейди И.Қосимов. — Ҳар қандай кичик майдонда ҳам бемалол ҳаракатлана олади. Ўтган йили томорқаларда синовдан ўтказдик. Натижаси жуда яхши. Шу боис маҳаллий фермерлардан талаб туша бошлади. «Беш терак» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида кичик корхона очиб, буюртмага асосан минитракторлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик. Бунинг учун 10 та янги иш ўрни яратилди.
Ҳозир хориждан олиб келинаётган минитракторларнинг нархи 150 миллион сўмни ташкил этмоқда. Маҳаллий техник воситани эса 75 миллион сўмга сотиб олиш мумкин. Қолаверса, корхонада турли культиваторлар ҳам ишлаб чиқарилмоқда. Айниқса, картошка ковлашга мослашган ускунага талаб тобора ортиб бормоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг