Андижонда корхоналар тунги сменага ўтмоқда
Вилоятда аксарият ишлаб чиқариш корхоналари ўз фаолиятини 3-сменада давом эттира бошлади. Бу электр энергиясидан унумли фойдаланиш орқали таъминотдаги узилишларнинг олдини олишга қаратилган.
— Тунги сменада ишлашнинг афзаллик жиҳатларидан бири шундаки, бу пайтда электр энергияси табақалаштирилган тариф асосида ҳисобланади,—дейди “Ўзенергияинспекция”нинг Андижон вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Шерзодбек Мирзажонов. –Бу эса электр энергияси учун сарф-харажатни 1,5 баробарга арзонлаштириш имконини беради. Ўз ўрнида маҳсулот таннархи ҳам арзонлашади. Қолаверса, тунги вақтда электр энергияси сифатли бўлгани учун техник воситалар юқори кучланишларсиз бир маромда ишлайди.
Айни пайтда вилоятда 5,5 мингдан зиёд саноат корхоналари мавжуд. Уларнинг 145 таси уч сменали иш тартиби асосида фаолият юритмоқда. Кундузги сменада ишлаётган 81 та корхона иш тартиби ҳам тунги сменага ўтқазилмоқда. Бир сўз билан айтганда, вилоятда ишлаб чиқариш корхоналари иш фаолиятини тунги сменага ўтқазиш орқали 21 мингта аҳоли хонадонларида электр энергияси таъминотидаги узилишларга барҳам бериш имконияти яратилди.
Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг