Андижонда босма нашрларнинг тақдири нима бўлади?

13:58 01 Февраль 2023 Жамият
839 0

Фото: Халқ сўзи

Андижон вилояти ахборот-кутубхона марказида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Асаджон Ходжаев журналистлар, блогер ҳамда матбуот хизматлари вакиллари билан учрашди. Унда бугунги кунда оммавий ахборот воситалари олдида турган муҳим масалалар муҳокама қилинди. Жумладан, Андижон вилоятидаги босма нашрлар тақдирига оид саволлар қизғин баҳсларга сабаб бўлди.

— Вилоятда босма нашрлар ҳолатини яхши, деб бўлмайди, — деди тадбирда сўз олган фахрий журналист Шефие Иманкулова. — Вилоят ҳокимлигининг юз йиллик тарихга эга нашри «Андижоннома» газетаси 1,5 минг нусхада чоп этилмоқда. «Андижанская правда» газетаси эса, икки йилдирки, умуман нашр этилмаяпти. Вилоятдаги иқтисодий-ижтимоий жараёнларни оммага етказишда босма нашрларнинг ҳам ўз ўрни бор. Бироқ уларнинг фаолиятига бефарқлик маънавиятимизга путур етказади, деб ўйлайман. Муассислар бу ҳақида фикр юритишларини хоҳлардик.

Тан олиш керак, бугунги кунда вилоятда туман ҳокимликлари нашрлари танг аҳволда қолган. Аксарияти чоп этилмаяпти. Бироқ мавжуд имкониятлардан хаминқадар фойдаланаётганлар ҳам бор.

— Мен Балиқчи тумани ҳокимлиги нашри бўлган «Ғалаба» газетаси муҳарририман, — дейди «Дўстлик» ордени соҳибаси Шахзодахон Каримова. — Балиқчи тумани ҳокими ташаббуси билан газетамизга ҳудуддаги ҳар бир корхона-ташкилот ўз захирасидаги маблағ ҳисобидан обуна бўлиши ташкил этилган. Қолаверса, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида маънавий-маърифий ишларни юксалтиришда газеталарнинг ўрни жуда муҳим экани юзасидан тарғибот ишларига урғу бердик. Натижада 1,5 мингта обуна ташкил этдик. Бу вилоятдаги туман ва шаҳар ҳокимликлари газеталари орасида энг катта кўрсаткич ҳисобланади. Шу билангина кифояланиб қолмай, газетамизнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларини ташкил этганмиз. Ҳозир ўн мингдан ортиқ кузатувчиларимиз бор.

Тадбир давомида мавзу бўйича турфа фикрлар, қарашлар, таклифлар ва хулосалар ўртага ташланди. Хўш, якунда қандай қарор қабул қилинди?

— Андижон вилоятидаги босма нашрларнинг тақдири бизни ҳам ташвишлантирмоқда, — изоҳ берди АОКА директори Асаджон Ходжаев. — Бироқ буни обунани ташкил этиш орқали ҳал қилиб бўлмайди. Бир қанча фикрлар бор. Масалан, иқтисодий танг ҳолатда қолган газеталарни грандлар асосида фаолиятини йўлга қўйиш мумкин. Бунда, энг аввало, «Андижоннома» газетаси назарда тутилмоқда. «Андижанская правда» масаласига келсак, унинг ўқувчилар географиясини, сонини ўрганиб чиқишимиз керак бўлади.

Айтиш жоиз, бу масала Андижонда биринчи марта муҳокама этилаётгани йўқ. Ҳар сафар таклифлар билдирилади, хулоса чиқарилади, бундан, афсуски, ҳали амалда бирорта газета наф кўрмаяпти. Бирин-кетин чоп этилмай қолаётган газеталарнинг тақдири нима бўлади, деган савол ҳануз жавобсиз. Шу ўринда айтиш муҳимки, ҳокимлик нашрларининг тақдири барибир ҳокимият (айнан ҳокимлар) қўлида. Ижтимоий-иқтисодий газеталар матбуот бозорида ўз харидорига эга бўлиши учун мамлакатда шунга муносиб муҳит шаклланган бўлиши керак. Қолаверса, газеталар ҳам бозор қонуниятларидан келиб чиқиб мазмун-моҳиятини, йўналишини қайта кўришлари мақсадга мувофиқдир. Янгиликларни кенг аудиторияга етказиш борасида ижтимоий тармоқларга тенг келадигани йўқ. Шундай экан, бу жараённи газеталар зиммасидан воқиф қилиши кераклигини муҳаррирлар тушунмоқлари зарур. Сир эмаски, бугун чоп этилаётган газеталарни саҳифалар эканмиз, улар жамиятда рўй бераётган ҳодиса-воқеалардан, реалликдан анча йироқ эканига гувоҳ бўламиз. Вазият шу тарзда давом этаверса, республикамизнинг барча ҳудудларида босма нашрларга талаб сўнаверади. Айни чоғда бугун газеталарга замонавий билим ва янгича дунёқарашга эга бўлган журналистлар керак.

Буёғини энди вақт ҳукмига ҳавола этамиз.

Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер