Андижон янги тараққиёт сари қадам қўяди
Президентимизнинг Андижон вилоятига бу йилги ташрифи давомида ҳам андижонликлар учун кўплаб янги инвестицион лойиҳаларга старт берилди. Бунинг натижасида андижонлик фуқароларимиз учун 60 мингдан зиёд иш ўрни яратилиб, ушбу лойиҳаларга 100 минг доллар йўналтирилади.
Маълумки, Андижон вилоятида аҳоли зич, ер эса чекланган. Бугунги кунда 1 кв/м майдонга 630-650 кишига тўғри келади. Бир хонадонда бир неча келинларимиз қайнона-қайноталари билан яшайди. Ташриф давомида юртбошимиз ушбу муаммога ечим топиб, Андижон туманида янги Ўзбекистоннинг Янги Андижон шаҳрига тамал тоши қўйди. 4 минг гектар майдоннинг 2 минг гектарига 130 мингдан ортиқ хонадонли кўп қаватли уй-жойлар қурилади, ушбу уйларда 450 мингдан зиёд аҳоли яшайди. Қолган шунча қисмида эса, яшил ҳудуд барпо этилади.
Янги Андижон лойиҳаси – аҳоли учун муносиб турмуш шароитини яратиш билан бирга, улкан қурилиш ва бунёдкорлик ишларини амалга ошириш орқали, вилоятни ривожлантириш бўйича янги «драйвер» бўлади. Жумладан, қурилиш материаллари, электротехника, мебелсозлик, тўқимачилик, полистер, сунъий тола ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш каби йўналишларда кўплаб янги лойиҳаларни амалга ошириш учун имконият яратилади.
Андижон вилоятдаги йўлларни таъмирлаш учун 450 млрд. сўм маблағ ажратилади. Шунингдек, Андижон вилояти автомобилсозлик саноатида етарли тажрибага эга. Энди шиддат билан илгарилаётган замон билан ҳамнафас равишда, Андижонда қуриладиган заводда халқимиз учун хавфсиз электромобиллар ишлаб чиқарилади. Вилоятда металлургия заводи қурилиши лойиҳасини тайёрлаш тўғрисидаги топшириқ эса, андижонликлар учун кутилмаган янгилик бўлди.
Андижон вилояти ҳам юртимиздаги бошқа вилоятлар каби ривожланишда давом этади. Бугунги кунда янги инновацион иссиқхоналар, гулхоналарни кўриб кўзингиз қувнайди. Юқоридаги ишларнинг амалга оширилиши эса, Андижон вилоятининг янада равнақ топишига хизмат қилади.
Дилбар МАМАДЖАНОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг