Амир Темур таваллудининг 682 йиллиги юртимизда кенг нишонланмоқда

18:37 09 Апрель 2018 Жамият
21206 0
Фото: Ҳасан Пайдоев "Халқ сўзи".

Амир Темур — ўзлигимизни англаш, миллий анъана ва қадриятларимизни тиклаш борасидаги улуғвор ишларда халқимизга маънавий куч бағишлаб келаётган улуғ сиймолардан биридир. 
Соҳибқирон таваллуд топган кун мамлакатимизда ҳар йили кўтаринки руҳда кенг нишонланади. Бу йил ҳам улуғ саркарда таваллудининг 682 йиллиги тадбирлари катта хурсандчилик билан ўтказилмоқда.

Фото: Динара Чиркова "Халқ сўзи".

Анъанага кўра, 9 апрель куни пойтахтимиздаги Амир Темур хиёбонида тантанали маросим бўлиб ўтди. Унда парламент аъзолари, вазирлик ва идоралар вакиллари, ёзувчи-шоирлар, олимлар, талаба-ёшлар, кенг жамоатчилик, юртимизда фаолият кўрсатаётган дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.

Халқаро Амир Темур хайрия жамғармаси раиси Нозим Ҳабибуллаев, Қозоғистоннинг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ерик Утембаев ва бошқалар Соҳибқирон нафақат ўз давридаги энг қудратли давлат асосчиси, илм-фан, маданият ва маънавият ҳомийси, балки Осиё ва Европа қитъаларида рўй берган тарихий ўзгаришларга ҳал қилувчи таъсир кўрсатиб, жаҳон цивилизациясига беқиёс ҳисса қўшган Шахс эканини таъкидлашди.

Фото: Динара Чиркова "Халқ сўзи".

Бугун Амир Темур ва темурийларнинг миллий давлатчилик, илм-фан, маданият, бунёдкорлик ва бошқа соҳалардаги улкан меросини ўрганишга қизиқиш жаҳон миқёсида тобора ортиб бормоқда. Юртимиз ва хорижда темурийларнинг дунё цивилизацияси равнақига қўшган улкан ҳиссасига оид кўплаб бадиий, публицистик асарлар яратилмоқда, илмий тадқиқотлар амалга оширилмоқда. Буларнинг бари Соҳибқирон Амир Темур шахсияти ва уни улғайтирган замин, тарихий шарт-шароитга доир янги-янги қирраларни кашф этишда муҳим аҳамият касб этмоқда. 

 Адолат кучда эмас, куч адолатдадир, деган шиор Амир Темур салтанатининг барча ҳудудларида ахлоқий-маънавий мезонга айланган. Улуғ аждодимиз ўз тузукларида “...амр этдимки, кимки бирон саҳрони обод қилса ёки кориз қурса, ё бирон боғ кўкартирса, ёхуд бирон хароб бўлиб ётган ерни обод қилса, биринчи йили ундан ҳеч нима олмасинлар, иккинчи йили раият ўз розилиги билан берганини олсинлар, учинчи йили (эса олиқ-солиқ) қонун-қоидасига мувофиқ хирож йиғсинлар”, деб ёзади. Ана шундай адолат асосида ўрнатилган тартиб-таомиллар мамлакатда тинчлик-осойишталикни таъминлаган, одамларни ҳалол меҳнат қилишга, тадбиркорлик, яратувчанлик руҳи билан яшашга ундаган.

Фото: Ҳасан Пайдоев "Халқ сўзи".

Илдизлари мусаффо булоқлардан сув ичган ниҳоллар яйраб-яшнаб кўкка бўй чўзаверади. Буюк аждодлардан мерос қадриятлар қондан қонга ўтиб, авлодлар тийнатида яшайверади. Бугун ҳам Соҳибқироннинг мардлик, жасорат, адолат, тадбиркорлик, ватанпарварликка йўғрилган эзгу фазилатлари Президентимиз юритаётган сиёсатда яққол намоён бўлмоқда. 

Маросимда шоир Носир Жўраев “Тарих берган нур” номли шеърини ўқиб берди. “Темурбеклар мактаби” ўқувчилари томонидан ҳарбий оркестр садолари остида ижро этилган ватанпарварлик мавзуидаги қўшиқлар барчага байрамона кайфият улашди. 

Фото: Ҳасан Пайдоев "Халқ сўзи".

Тадбир қатнашчилари Амир Темур ҳайкали пойига гуллар қўйдилар.

Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х. Султонов иштирок этди.

*    *    *

Шу куни Темурийлар тарихи давлат музейида “Тангаларда акс этган тарих” номли кўргазма очилди. 

Фото: Динара Чиркова "Халқ сўзи".

Соҳибқирон таваллудига бағишланган тадбирлар нафақат пойтахтимиз, балки Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятларда бўлиб ўтмоқда. 
Буюк бобомиз улғайган Қашқадарё заминида ушбу сана ҳар йилгидан-да ўзгача тарзда, кўтаринки руҳда нишонланди. Яккабоғ тумани Хўжа Илғор қишлоғидаги Соҳибқирон туғилиши билан боғлиқ қадимий қудуққа туташ майдонда халқ сайли ўтказилди. Бу ерда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган Халқаро пресс-клубнинг “Хўжа Илғор қайта кашф қилинган тарих — янги сайёҳлик йўналиши” мавзуидаги сайёр сессияси кун давомида “O‘zbekiston-24” телеканали орқали тўғридан-тўғри намойиш этиб борилди.  

Тадбир доирасида миллий ҳунармандлик намуналари кўргазмаси уюштирилди. Кураш, тош кўтариш, от чоптириш каби халқ ўйинлари, турли этнографик чиқишлар, Амир Темур даврини эслатувчи композиция, ўтовлар, таниқли санъаткорлар иштирокида концерт дастури хорижлик сайёҳларда ҳам катта қизиқиш уйғотди.

Бу каби тадбирларнинг азалий қадриятларимизга ҳамоҳанг тарзда нишонланиши ёш авлоднинг тарихимизга оид билимини, улуғ бобомиз сиймосига ҳурмат-эҳтиромини янада юксалтиради, шу билан бирга, дунё жамоатчилиги эътиборини буюк саркарда туғилиб-ўсган гўша — Хўжа Илғорга қаратиб, бу ерда янги сайёҳлик манзилини яратишга хизмат қилади.

Дилшод КАРИМОВ,
“Халқ сўзи” мухбири.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер