«Америка орзуси чиппакка чиқди»: Фуқароларни ноқонуний йўллар билан АҚШга юбормоқчи бўлган шахслар қўлга олинди
Давлат хавфсизлик хизматининг Навоий вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан прокуратура ва ички ишлар органлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилди, деб хабар бермоқда «OʻzA» ахборот агентлиги.
Ўтказилган тезкор тадбирда аниқланишича, Самарқанд туманида истиқомат қилувчи, 1990 йилда туғилган шахс Навоий шаҳрида яшовчи фуқарони «Туркия-Европа-Мексика» йўналиши орқали Америка Қўшма Штатларига юбориш эвазига 28 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 14 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Давлат хавфсизлик хизматининг Жиззах вилояти бўйича бошқармаси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Тошкент шаҳрида яшовчи, 2000 йилда туғилган, муқаддам фирибгарлик билан боғлиқ жинояти учун бир неча маротаба судланган шахс Шароф Рашидов туманида истиқомат қилувчи фуқаронинг ишончига кириб, уни Қўшма Штатларга юбориш ва виза ҳужжатларини расмийлаштириб бериш эвазига 35 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 10 минг АҚШ доллари миқдоридаги пул маблағини учинчи шахс орқали олган вақтида қўлга олинган.
Шу каби яна бир ҳолат, Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳрида ҳам кузатилган. Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида яшовчи, 2000 йилда туғилган шахс маҳаллий фуқарони «Туркия-Испания-Мексика» йўналиши орқали Америкага ишлаш мақсадида юбориш учун мансабдор танишлари орқали виза расмийлаштириб бериш эвазига 15 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 5 минг АҚШ доллари ва 26 миллион сўм олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шунингдек, Давлат хавфсизлик хизматининг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Тошкент вилоятида ўтказилган тезкор тадбирда, Тошкент шаҳрида яшовчи, 1995 йилда туғилган шахс Ширин шаҳрида истиқомат қилувчи 2 нафар фуқаронинг ишончига кириб, уларни Америка Қўшма Штатларига ишга юбориш ҳамда виза ва бошқа ҳужжатларини расмийлаштириб бериш эвазига 38 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 52 миллион сўм олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
«Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ҳурматли фуқаролар хорижий давлатларга ишга юбориш билан боғлиқ шубҳали таклифлар билдираётган фирибгарларнинг сўзларига алданиб, ўз ҳаётингизни хавф остига қўйманг, огоҳ бўлинг», — дейилади хабарда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг