Ахсикентдаги археологик изланишларга сунъий интеллект татбиқ этилмоқда

10:46 28 Март 2024 Жамият
632 0

Наманган вилоятидаги Ахсикент тарихий ёдгорлигида янги топилмаларнинг навбатдаги туркуми — нодир мунчоқлар, яхши сақланган мис ва кумуш тангалар, Тан империяси даврига оид чинни буюмлар аниқланди.

Археологлар уларга уч минг йиллик тарихга эга кўҳна шаҳристонда Очиқ осмон ости музейлари барпо этиш учун траншеялар қазиш жараёнида дуч келдилар. 1000 — 1200 йил бурунги ушбу артефактларнинг илмий ва моддий қиймати ўта юқори эканлиги таъкидланмоқда.

Бу хусусда Ахсикент археология парки илмий ходими Шукрулло Насриддинов шундай изоҳ беради:

— Кейинги пайтларда, асосан, XVIII ва XI қазув объектларида Қорахонийлар даврига оид тураржой биноларининг қолдиқлари очилмоқда. Хом ғиштдан, ёғоч синчлар билан қурилган уй жой қолдиқларининг асос қисмлари яхши сақланган. Уларнинг таг қисми пишиқ ғишт билан қопланган. Хўжаликда ишлатилган сирли ва сирсиз сопол идишлар деярли бутун ҳолатда топилмоқда. Шунингдек, металл буюмлар, мис танга, тақинчоқлар ҳам чиқяпти. Мунчоқларнинг ўта нафислиги, қимматбаҳо тошлар билан безангани қадим шаҳарда шишасозлик, нодир ҳунармандчилик ривож топганини кўрсатади.

Шу ўринда Наманганда илмий сафарда бўлиб турган Халқаро математика конгресси аъзоси, дунёнинг энг кучли ўн нафар олими қаторига кирувчи, хитойлик академик Йонгбин Руан тадқиқотларда янгича ёндашувни таклиф этаётганини таъкидлаб ўтиш лозим.

— Ахсикент — Қадимги Фарғона давлати бош шаҳри пойтахтига келганимдан хурсандман. Илмий-археологик изланишларга сунъий интеллект (AI) татбиқ этишни бошлаганмиз. Бу орқали тарихни чуқур ўрганиш имконияти пайдо бўлади. Бирор топилма ҳақида сунъий идрок орқали барча маълумотни аниқ билиш мумкин, — дейди у.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ

(“Халқ сўзи”).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер