Аҳмад Дониш қандай қилиб Бухоронинг қадимий обидаларини сақлаб қолганди?
Бухоро шаҳрининг халқ тилида “Вокзал” деб аталувчи ҳудуди бор.Яқин – яқинга қадар бу ерда темир йўлни кўриш мумкин эди.”Вокзал” номи шундан қолган.Лекин гап ҳозир темир йўлнинг нега айнан шу нуқтага келиб тўхтаб қолгани тўғрисида.
-Ёшлигимизда кексалар бизга Бухоро билан боғлиқ жуда кўп воқеаларни сўзлаб беришарди,- дейди узоқ йиллар “Бухоро” давлат музей – қўриқхонасида ишлаган меҳнат фахрийси Баҳодир Насимов.- Ана шундай инсонлардан бири, 105 ёшга кириб қазо қилган Жалол бобонинг ҳикоялари ҳеч эсимдан чиқмайди.
Жалол бобонинг сўзларига қараганда, чор Россияси Когондан Бухоро шаҳри орқали Чоржўйга қадар темир йўл ўтказмоқчи бўлади.1884 йилда қурилажак темир йўл тархи ҳам чизилади ва Бухоронинг ўша пайтдаги ҳукмдори Амир Насуллога тақдим этилади.Амир эса Аҳмад Донишдан маслаҳат сўрайди. Ўз даврининг зукко инсонларидан бири саналган Аҳмад Дониш ҳужжат билан танишиб, ҳукмдорга “Мабодо, иш шу тарх асосида амалга ошса, кўплаб қадимий обидаларимизга зиён – заҳмат етади.Бу биз учун мақбул тарх эмас”, дея фикрини рўй – рост билдиради.Бу гапдан чуқур ўйга толган амир “Унда Когондан Чоржўйга қадар қуриладиган темир йўлнинг тархини ўзингиз чизасиз.Токи ортиқча сарф – харажатга қолмайлик” деб Донишнинг зиммасига катта масъулият юклайди.Нафақат, астрономия, мусиқа, тарих, адабиёт, фалсафа, балки геометрия, математика соҳаларидан ҳам чуқур билимга эга бўлган Аҳмад Дониш шу тариқа янги тарх чизади.Унда темир йўлнинг қадимий Бухоро шаҳрини четлаб ўтиши кўзда тутилган эди.Пировардида темир йўл Дониш лойиҳаси асосида бунёд этилади.

-Мабодо, ажнабий мутахассислар тархи асосида қурилганида эди, бу йўл қадимий шаҳарнинг кўплаб тарихий ёдгорликлари, жумладан, Говкушон мадрасаси, Қўшмадраса, Нўғай карвонсаройи, биринчи савдо тоқи қуйисидаги қадимий ҳаммом ва бошқа иншоотларнинг бузиб ташланишига сабабчи бўларди,-дейди Б. Насимов.- Неча минг йиллик тарихга эга шаҳримиз аждодлар ақлу заковати билан яратилган мероснинг бир қисмидан айриларди.Буни Аҳмад Дониш яхши англаган. Шу юртнинг бир фидойиси, зукко кишиси сифатида тарихий ёдгорликларни асраб қолган.Аҳмад Донишга оид маълумотлар излаб топилса, асарлари чуқур ўрганилса, у қолдирган мерос халқимизга холисона етказилса жуда яхши бўларди.
Шу ўринда Аҳмад Дониш ҳақида бир неча маълумот.У 1827 йилда Бухорода туғилган.Болалигидаёқ Қуръони Каримни ёд олган.Шеърият ва тасвирий санъатга ихлос қўйган.Араб тилини мукаммал ўрганган.”Дониш” (“билим” маъносини беради) тахаллуси билан шеърлар ёзган.Олис юртларга қилинган саёҳат унинг билимини оширган, дунёқарашини кенгайтирган.Манғитлар салтанати тарихига оид асар битган.
-Аҳмад Донишнинг айниқса, “Наводир – ул – вақое” асари машҳур, - дейди Арк ўлкашунослик музейи раҳбари Бобур Қобилов.-1880 йилда ёзилган бу асарнинг қораланма ва асл нусхаси Бухоро давлат музей – қўриқхонасида сақланмоқда.Бундан ташқари, шахсий коллекцияларда ҳам қомусий билим эгаси саналган Аҳмад Донишга таалуқли ашёлар учрайди.Масалан, хаттот Абдулғаффор Раззоқовнинг коллекциясида унинг астрономик тақвими ва ўз қўли билан чизган бутагул сурати сақланмоқда.
Музей – қўриқхона жамоаси шу каби нодир китоблар, қўлёзма, суратлар ва бошқа ашёларни тўплаб, Аҳмад Дониш ҳаёти ҳамда ижодига оид кўргазма ташкил этди.Уни нафақат юртдошларимиз, балки хорижий сайёҳлар ҳам катта қизиқиш билан томоша қилишаётганига шоҳид бўлдик.
Бу ўз юртини севган,жондан азиз билган, фидойи, маърифатпарвар аждодларимиз номи халқимиз ёдида экани ифодасидир.
Истам ИБРОҲИМОВ,
(“Халқ сўзи”)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг