Афғонистондан олиб келинган қарийб 9 кг «опий» мусодара қилинди

17:02 16 Апрель 2026 Жамият
262 0

Видеодан кадр

Хоразм вилоятида Афғонистондан қарийб 9 кг «опий» гиёҳвандлик воситасини олиб келиб, сотмоқчи бўлган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Давлат хавфсизлик хизматининг Сурхондарё ва Хоразм вилоятлари бўйича бошқармалари томонидан Ички ишлар органлари билан ҳамкорликда тезкор тадбирлар ўтказилган. Хусусан, Қўшкўпир туманида яшовчи, 1985 йилда туғилган, муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган шахс Урганч тумани ҳудудида ҳаракатланаётган вақтида тўхтатилиб, холислар иштирокида текширилганда унинг ёнида 4 кг 407 гр «опий» моддаси борлиги маълум бўлган ва процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.

Бошқа ҳолатда эса «Беруний-Урганч» йўналишида ҳаракатланаётган Lacetti русумли автотранспорт воситаси Урганч туманидаги «Чолиш» ЙПХ масканида тўхтатилиб, кўздан кечирилган. Натижада автомашинада кетаётган Қўшкўпир туманида яшовчи, 2002 йилда туғилган, муқаддам наркожиноят содир этганлиги учун судланган шахсга тегишли 4 кг 541 гр «опий» моддаси борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.

Билдирилишича, ҳар икки ҳолатда ҳам қонунбузарлар Афғонистондан контрабанда йўли билан олиб келинган наркотик моддаларни Хоразм вилоятида мижозларга сотиб, мўмай даромад топишни режалаштирган.

Ҳозирда уларга нисбатан Жиноят кодексининг 28,246-моддаси (контрабанда) 2-қисми ва 25,273-моддаси (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 5-қисми билан жиноят ишлари қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер