Адолатнинг ҳамиша қадди тик бўлади
Фото: Иллюстратив cурат
Ибн Сино номидаги Навоий тиббиёт техникумида молия ва бандлик бошқармалари томонидан ўтказилган текширувда таълим даргоҳининг ўқув бўлими услубчиси Санобар Раҳмоновага 2021 йилнинг март ойидан 2022 йилнинг апрель ойигача берилган иш ҳақи ноқонуний деб топилиб, тўланган 5 миллион 226 минг сўм пулни техникум ҳисобига қайтариши белгиланган.
Бундан норози бўлган Санобар Раҳмонова меҳнат муносабатларидаги ҳақ-ҳуқуқини тиклаш учун Навоий шаҳар адлия бўлимига мурожаат қилди.
— Навоий шаҳар адлия бўлими ҳуқуқшунослари мазкур мурожаат юзасидан Ибн Сино номидаги тиббиёт техникумида бўлиб, иш юритувидаги ҳолатни ўргандилар, — дея изоҳ беради Навоий шаҳар адлия бўлими бош маслаҳатчиси Ширинбек Очилов. — Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 279-моддасида иш берувчи томонидан ихтиёрий равишда тўланган, шу жумладан, қонунни нотўғри қўлланиши оқибатида тўланган ортиқча иш ҳақи қайта ундириб олиниши мумкин эмаслиги белгиланган. Шунга кўра техникум маъмуриятига ходими Санобар Рахмоновага нисбатан Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 279-моддаси талабларига зид равишда қарорлар қабул қилгани учун тақдимнома киритилди.
Санобар Рахмоновадан икки ойда ушлаб қолинган 1 миллион 810 минг сўм пули адлия кўмаги билан мурожаатчининг ҳисоб картасига қайтарилди. Шунингдек, адлия кўмаги билан у энди 5 миллион 226 минг сўм пулни техникум ҳисобига қайтармайди.
Бир сўз билан айтганда, фуқаронинг манфаати устуворлиги таъминланди. Бироқ ушбу ҳолатда адолат чаладек туюлади, назаримизда. Яъни, модомики, Санобар Раҳмоновага 5 миллион 226 минг сўм ноқонуний иш ҳақи тўланган экан, бу қонун бузилишга йўл қўйганларга нисбатан чора кўрилиши, мабодо молия ва бандлик бошқармалари текширувчилари нотўғри хулоса тақдим этишган бўлса, улар жазоланиши керак эмасми? Мутасаддилар Навоий шаҳар адлия бўлими тақдимномасидан сўнг масаланинг шу томонига ҳам эътибор қаратишган бўлса, ажаб эмас.
Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг