Адлия - маҳаллада
Фото: Халқ сўзи
Андижон вилояти адлия бошқармаси томонидан шаҳар-туманларда айни шу шиор остида сайёр қабуллар ўтказилмоқда. Соҳа ходимлари бу гал Булоқбоши туманидаги Ширмонбулоқ маҳалласида бўлдилар. Улар фуқароларнинг муаммоларига ижобий ечим топиш билан бирга аҳоли ўртасида ҳуқуқий маданиятни ривожлантириш чора-тадбирларига ҳам эътибор қаратмоқда.

— Сайёр қабул аввалида маҳалла аҳлига «Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Конституциявий қонун мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳаётий мисоллар билан тушунтириб берилди, — дейди бошқарма матбуот хизмати раҳбари Умиджон Мамарасулов. — Шундан сўнг тегишли тартибда фуқароларнинг ер, иш ҳақини ундириб бериш, пенсия тайинлаш, ФҲДЁга оид масалалар ҳамда бошқа коммунал соҳалардаги муаммолар бўйича мурожаатлари тингланди ва тегишли тартибда кўриб чиқиш учун назоратга олинди.
Сайёр қабулда ўнлаб мурожаатларнинг аксарияти шу жойнинг ўзида ечимини топди. Айримлари эса ижро учун йўналтирилиб, баъзилари хусусида ҳуқуқий тушунтириш берилди.
— Ҳуқуқий билим камлиги, қонунларни билмаслик одамни чигал вазиятга солиб қўйиши рост экан, — дейди ширмонбулоқлик уй бекаси Санобар Акромова. — Шундай пайтларда қайси идорага бош уришни ҳам билмайсан киши. Бугунги тадбир орқали кўплаб саволларимга жавоб олиш билан бир қаторда тураржойни давлат рўйхатидан ўтказиш масаласидаги муаммоларим ҳал бўлди. Бундан жуда хурсандман.
Ширмонбулоқ маҳалласидаги сайёр қабулни эътирофга лойиқ амалий натижалар билан якунлаган вилоят адлия ходимлари навбатдаги манзилга йўл олдилар. Бу ҳақида эса келаси сафар сўз юритамиз.
Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг