Абдулла Арипов коронавирус бўйича асоссиз маълумот тарқатганларга чора кўрилиши ҳақида огоҳлантирди

22:42 15 Март 2020 Жамият
1128 0

Бу ҳақда бугун, 15 март куни Бош вазир Абдулла Арипов томонидан коронавирусга қарши кураш чора-тадбирлари хусусида ўтказилган брифингда айтиб ўтди.

“Ҳеч қандай ваҳимага ўрин йўқ. Ҳар куни саволларга жавоблар берилади, матбуот анжуманлари ўтказилади.Ҳозир республика бўйича фавқулодда ҳолатга ўхшаш ҳолат эълон қилиняпти.

Лекин огоҳлантираман, бирор ОАВ ўзбилармонлик билан чақирувлар, одамларга ваҳима солиш мақсадида маълумот тарқатса, ўзича ҳазил қилмоқчи эдим деб, кейин йиғлаб ўтирадиганлар бор, шундайлар жиноий жавобгарликка тортилади. Қонунда етарли моддалар бор.

Аниқлаб, топиб, ушлаб, қулоғидан тортиб офтобга олиб чиқишнинг муаммоси йўқ. Мажбур қилманглар техник чоралар кўришга.

Керак бўлса, умуман эфирга чиқмайдиган ҳам қилиб қўямиз. Интернет тармоғидан ҳам, бошқа тармоқдан ҳам ўчиришимиз мумкин. Техник воситаларимиз етарли.

Бошқаларни қўрқитиш ва қўрқувга солиш билан ҳар хил маълумотни тарқатмоқчи бўлаётганлар оммавий ахборот воситаси қандай кучга эга эканлигини яхши билади. Шу билан бирга буни ишлатиш, яъни ахборот тарқатиш жуда оғир масъулият. Буни қонунларни яхши тушунган, расмий ахборот ва ёлғон хабарларнинг фарқини яхши билувчи, масъулиятни зиммасига оладиган одам қилиши керак. Бундай пайтда ҳазил кетмайди.

Кеча биттаси қайсидир мамлакатда коронавирусга қарши мол пешобини ичишганини ёзиб, чиқарибди. Бу нима деган гап? Шуни бизнинг Telegram канали тарқатяпти. Мана шундай беҳаё, ақлсиз, бефаросат нарсаларни тарқатмоқчи бўлганларга мен яна қайтариб айтаман, ким нима деса, десин, ушбу ёлғон хабарларни тарқатиб, аҳолида саросима юзага келтиришга уринганларга қатъий чора кўрамиз”, — деди Арипов.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер